Иқтисодиёт | 10:28 / 20.11.2023
17824
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Ўзбекистонда электромобил аккумуляторлари ишлаб чиқариши мумкин 

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Ҳиндистоннинг Карнатака штатида амалий ташриф билан бўлди.

Фото: Дунё АА

"Дунё" хабарига кўра, ташриф доирасида Бангалор шаҳрида икки давлат ишбилармон доиралари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида бизнес-форум уюштирилди. 

Самарали ўтган мулоқотлар якунида қатор амалий келишувларга эришилди.

MAM Minerals компанияси билан ҳамкорликда Пешку туманида графитни қайта ишлаш ва юқори қийматли, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар (электромобил аккумуляторлари) ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш масалалари ўрганилди. Ҳинд компаниясининг яқин истиқболда Бухоро вилоятидаги графит конида тадқиқотлар олиб бориш учун ишчи гуруҳ юбориши бўйича келишувга эришилди.

Online Instruments компанияси билан Бухоро вилояти ҳудудида замонавий ахборот дисплейлари ишлаб чиқариш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Вилоятдаги мактаблар ва турли идораларни мазкур компания томонидан ишлаб чиқарилган ана шу турдаги замонавий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича ҳамфикрлик билдирилди. 

Дунёнинг энг йирик дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларидан бири саналган IBM компаниясининг Карнатака штатидаги бўлинмаси билан Қоракўл туманида ташкил этилаётган Acharya-IT кластерида ёшларни IBM сертификати асосида ўқитиш, кластер негизида IBM компаниясининг офиси ва лабораториясини ташкил қилишга келишиб олинди.

Делегация сафари доирасида Ҳиндистон тадбиркорлари билан Бухоро вилоятида турли соҳалардаги лойиҳаларга қаратилган 15 та англашув меморандуми имзоланди.

Мавзуга оид