19:11 / 10.12.2020
3159

Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги музокаралар натижасида 150 млн долларлик қарз битимлари имзоланди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов видеоконференция шаклида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одиль Рено-Бассо билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Мулоқот давомида энергетика, уй-жой ва коммунал хўжалиги, экология ва хусусий сектор соҳаларидаги умумий қиймати 1 миллиард евродан ортиқ бўлган қатор лойиҳалар амалга оширилиши батафсил кўриб чиқилди. Томонлар мазкур лойиҳалар ижросини жадаллаштириш имкониятлари, шунингдек, пандемиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли механизмлари юзасидан фикр алмашди.

Видеоконференция давомида ЕТТБ билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган лойиҳалар билан боғлиқ амалий жиҳатлар ва икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Банк президентининг фикрича, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишда ЕТТБ учун ғоят жозибадор ва истиқболли йўналиш бўлган хусусий сектордаги лойиҳаларни молиялаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқотда Одиль Рено-Бассо банк-молия сектори ва капитал бозорида ислоҳотларни жадаллаштиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. ЕТТБ раҳбарига кўра, мукаммал ва рақобатдош муҳитни яратиш нафақат мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этилишини фаоллаштириш, балки маҳаллий корхоналар ва аҳолини фаол тадбиркорлик билан шуғулланишга рағбатлантириш имконини беради.

Музокаралар якунида «Ҳаёт учун муҳим инфратузилмани қўллаб-қувватлаш дастури: электроэнергетика секторини қўллаб-қувватлаш учун кредит» ва «Сурхондарё вилояти Музробод туманида «Оқтош» ва «Пошҳурт» ер ости сувлари манбаларидан сув қувурини тортиб келиш орқали сув таъминотини яхшилаш учун тармоқларни қуриш ва реконструкция қилиш» лойиҳаларини амалга ошириш доирасида умумий қиймати 150 миллион долларлик қарз битимларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Top