Марказий Осиё ва Мўғулистонда 2026 йил бошида юқори иқтисодий фаоллик сақланиб қолди, аммо аста-секин мўтадиллашиш белгилари кўринмоқда, дейилади Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг минтақага оид янги ҳисоботида.

Қайд этилишича, минтақада кучли ички истеъмол ва инвестициялар ўсишни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Хизматлар соҳаси қурилиш ва ишлаб чиқариш билан бирга асосий омиллар бўлиб турибди.

“Яқин Шарқдаги можароларнинг чўзилиши туфайли салбий таъсирлар кучайди, бу эса минтақанинг энг йирик савдо ва иқтисодий ҳамкорлари – Россия ва Хитойда энергия нархларининг ўзгарувчанлиги, таъминот занжиридаги узилишлар ва ўсишнинг секинлашишига олиб келди.

Умуман олганда, ўсиш истиқболлари мустаҳкам бўлиб қолмоқда, аммо истиқболлар тобора кўпроқ ички ислоҳотлар суръатига ва ташқи зарбаларга чидамлиликни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга боғлиқ бўлиб бормоқда”, – дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон

Расмий рақамларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 2026 йилнинг биринчи чорагида янада тезлашган. Реал ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,7 фоизга ошган.

ЕТТБ бу ўсишни биринчи навбатда ички истеъмол билан боғлаган. Пул ўтказмаларининг кўпайиши ва иш ҳақларининг ўсиши хизматлар соҳасини рағбатлантирган. Шунингдек, саноат ишлаб чиқариши 8 фоизга, қурилиш соҳаси эса 15,5 фоизга ўсган.

Банк Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 6,5 фоизга, 2027 йилда эса 6 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Хусусийлаштириш жараёнлари кутилгандан тезроқ кечса, ўсиш суръатлари юқорироқ бўлиши мумкин. Асосий хавфлар сифатида Россия иқтисодиётида эҳтимолий секинлашув ва Яқин Шарқдаги можаро таъсирида инфляция босимининг кучайиши кўрсатилган.

Қозоғистон

ЕТТБ Қозоғистон иқтисодиёти 2026 йилда 4,7 фоизга, 2027 йилда эса 4,5 фоизга ўсишини кутмоқда.

Йилнинг биринчи чорагида қурилиш, транспорт ва саноат тармоқлари ўсишни сақлаб қолган. Бироқ Каспий қувур консорциуми инфратузилмасидаги узилишлар ва Тенгиз конидаги ҳодиса туфайли қазиб чиқариш саноати 11,4 фоизга қисқарган.

Банк мамлакат иқтисодиёти учун нефт нархларининг ўзгарувчанлиги, нефт экспорт йўлларидаги эҳтимолий узилишлар ҳамда Россия ва Хитой иқтисодиётларидаги секинлашувни асосий хавфлар сифатида баҳолаган.

Қирғизистон

Қирғизистон минтақадаги энг юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичини сақлаб қолади. ЕТТБ мамлакат иқтисодиёти 2026 йилда 8,7 фоизга, 2027 йилда эса 7 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.