Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳунар орқали каму кўстимиз битади, бировга муҳтожлигимиз йўқ» — наманганлик рўмол тўқувчи аёл
Наманган туманининг Тепақўрғон қишлоғида кўп йиллардан бери қўй ва эчки юнгидан қўлда рўмол тўқиш оммалашган. Маълумотларга кўра, ҳудудда 1200 дан ортиқ хотин-қизлар касаначилик усулида рўмол тўқиш билан шуғулланади.
Тепақўрғоннинг Бўстон маҳалласида яшовчи Наргиза Маҳкамова ҳам ана шундай қўлигул ҳунармандлардан бири. У 10 ёшидан бери рўмол тўқийди.
Қаҳрамонимиз мана шу ҳунари орқали кимгадир нафи тегаётганидан жуда мамнун, асосий даромадини ҳам шу меҳнати орқали топади.
Унинг айтишича, бир кило эчки юнгидан ўртача 10 дона рўмол тайёрланади. Қаҳрамонимиз ҳафтасига ўртача 5 дона рўмол тўқийди. Битта рўмолнинг нархи ёзда 40-45 минг, қишда эса 37-40 минг атрофида сотилади.
Ҳафтанинг ҳар чоршанба кунида тайёр маҳсулотлар харидорлар томонидан уйдан олиб кетилади. Бир ойда ўртача 100 тагача рўмолга буюртма тушади, чунки бу иссиқ ва момиқ рўмоллар Қозоғистон ва Россия мамлакатларида харидоргир ҳисобланади. Мана шундай талаб юқори бўлган пайтда қаҳрамонимиз оила аъзолари, келинлар билан биргаликда рўмолларни тўқиб, битиришга ҳаракат қилади.
Юнгни сотиб олиб келишдан бошлаб, йигириш ва тўқишгача бўлган жараён қаҳрамонимизга ўзгача завқ бағишлайди.
«Муҳими, ҳалол меҳнат рўзғорга барака олиб келади, мана шу ҳунар орқали каму кўстимиз битади, бировга муҳтожлигимиз йўқ, шу касбимдан ғурурланаман», — дейди моҳир қўл соҳибаси.
Юлдуз Юлдашева тайёрлади.
Мавзуга оид
11:46
Наманганда қалбаки доллар сотмоқчи бўлган шахслар ушланди
15:13 / 15.06.2026
Наманганда таълим тизими мансабдори тезкор тадбирда қўлга олинди
17:37 / 04.06.2026
Наманганда терговчи ва адвокат пора билан ушланди
10:59 / 20.05.2026