Иқтисодиёт | 14:46 / 15.12.2020
29681
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги импорт қилинаётган бензин маҳаллий бензиндан арзонроқлиги бўйича изоҳ берди

Энергетика вазирлиги нима учун турли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин бир нархда сотилмаслиги, олиб кирилаётган бензин партияси эса маҳаллий бензиндан баъзида арзонроқ бўлиши мумкинлигига оид тушунтириш берди.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, жорий йилнинг 4 апрел куни президентнинг «Нефт-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистонда 2020 йил 1 майдан бошлаб турли маркадаги бензин ва дизел ёнилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган, эндиликда улар биржа орқали сотилмоқда.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан АЁҚШлар бензинни биржа савдолари орқали сотиб олмоқда, бензин нархлари турли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида фарқ қилиши мумкин, чунки бу у ҳар бир АЁҚШ томонидан қанчага сотиб олинганига боғлиқ.  

“Шу тариқа, бензин нархининг шаклланиши Энергетика вазирлиги ёки бошқа давлат тузилмаларига эмас, балки  ишлаб чиқарувчи (маълум бир нефтни қайта ишлаш заводи)нинг бошланғич баҳоси, таклиф (биржа савдоларига қанча бензин қўйилган) ва унга бўлган талаб (харидорлар қанча сотиб олиши)га боғлиқ.

Қарор қабул қилинмасдан олдин Ўзбекистонда турли маркадаги бензин ва дизел ёнилғиси чакана нархлари давлат томонидан тартибга солинар эди. 1 майдан бошлаб, яъни мазкур бозор механизми жорий этилгандан буён ўтган ярим йилдан ортиқ вақтдан бери маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари автомобил бензинини фақат биржа савдолари орқали сотмоқда.

Импорт қилинган бензин партиялари ҳам савдолар орқали сотилади ва бундай бензин Ўзбекистонга олиб кирилиб, ҳақиқатдан ҳам савдоларга анча паст нархда қўйилиши мумкин. АЁҚШлар бундай бензинни бу партия тугамагунча сотиши мумкин. Бу ерда гап бир марталик етказиб бериш ва импорт қилинаётган бензин етказиб берувчининг ҳар бир партияга оид келишуви тўғрисида бормоқда. Бу бозор муносабатларидан далолатдир, бунда худди шу АЁҚШ томонидан қандай бензин қандай нархда сотилиши фақат биржага боғлиқ бўлади”, - дейилади вазирлик изоҳида.

Маълум қилинишича, бензин ва дизел ёнилғисини сотишнинг бозор механизми нефтни қайта ишлаш заводлари ва АЁҚШларга соғлом рақобат шароитида фаолият юритиш имкон беради. Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда бензин нархининг ошиши ёки камайиши маълум бир талаб ва таклифга боғлиқ. Бозор механизми жорий этилганидан сўнг, 3 майнинг ўзидаёқ «Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси» АЖда ўтказилган савдолар савдога қўйилган бензин нархи тушганини кўрсатган.

«Биржа савдоларида «Ўзбекнефтгаз» АЖ нефт базалари, автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва ўз эҳтиёжи учун бензин сотиб олувчи юридик шахслар иштирок этади. Савдолар эркин, шаффоф ва барча тоифадаги харид қилувчилар учун тенг шароитда ўтказилади.

Бензин сотишнинг бозор механизми жорий этилиши мазкур жараённинг шаффофлигини кучайтирди», - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид