Жаҳон | 16:11 / 16.12.2020
7726
2 дақиқада ўқилади

Безоснинг собиқ турмуш ўртоғи тўрт ойда 4 млрд доллардан ортиқ маблағини хайрия учун сарфлади

Дунёнинг энг бой кишиси Жефф Безоснинг собиқ турмуш ўртоғи Маккензи Скотт тўрт ой ичида 4,1 млрд доллардан ортиқ маблағини хайрия учун сарфлади. У бу ҳақда ўз блогида ёзди.

Фото: Kevork Djansezian / Getty Images

Скотт пулларини коронавирус пандемияси даврида америкаликларга ёрдам кўрсатаётган 384та ташкилотга ўтказган. 

Эндиликда Скоттнинг бойлиги 55,1 млрд долларга баҳоланмоқда, деб ёзади Forbes. У дунёнинг энг бой аёллари рейтингида L'Oreal эгаларидан бири Франсуазе Бетанкур-Майерс (72,3 млрд доллар) ва Walmart супермаркетлар тармоғи асосчисининг қизи Элис Уолтондан (68 млрд доллар) кейин учинчи ўринда турибди.

Маккензи Скотт «пулларини жадал суръатларда тарқатмоқда», дея қайд этади Bloomberg. Ярим йил аввал у хайрия мақсадлари учун 1,7 млрд доллар ажратганини эълон қилганди. Скоттнинг ёзишича, у ўз жамоасидан бойлигини қандай қилиб тезроқ тарқатиши мумкинлиги устида бош қотиришни сўраган.  

 Скотт 2019 йилда Безос билан ажрашганидан кейин Amazon компаниясининг 25 фоиз улушини қўлга киритган. Ўшанда бу пакет 36 млрд долларга тенг эди. У бойлигининг камида ярмини хайрия мақсадларига сарфлашга ваъда бериб, The Giving Pledge хайрия лойиҳасига қўшилган.

 Безоснинг ўзи эса йил бошида иқлим ўзгаришига қарши курашга 10 млрд доллар ажратишини айтганди. У ноябрда 16та ташкилотга 791 млн доллар берди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид