Ўзбекистон | 14:36 / 17.12.2020
10886
2 дақиқада ўқилади

11 ой мобайнида Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат мигрантлари сони очиқланди

2020 йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 467 минг нафардан ортиқ меҳнат мигрантлари қайтиб келди, деб хабар бермоқда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Бандликка кўмаклашиш, тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш бошқармаси.

Фото: РИА Новости

Қайд этилишича, Россиядан – 257 минг, Қозоғистондан – 129 минг, Туркиядан – 14 минг, Корея ва бошқа давлатлардан – 66 мингдан ортиқ ватандошлар қайтган.

Қайтиб келган фуқароларнинг салмоқли қисми (49,0 фоизи) чет давлатларда қурилишнинг турли йўналишларида ишлаган. Уларнинг 11,4 фоизи саноат корхоналарида, 7,8 фоизи қишлоқ хўжалиги ишларида, 10,5 фоизи савдо ва бошқа маиший хизмат ишларида, 21,2 фоизи бошқа йўналишларда меҳнат қилган. 

“Ватанга қайтган меҳнат мигрантларини ички меҳнат бозорига реинтеграция қилиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш ва энг муҳими уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида аввало, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар контингентини аниқлаб олиш жараёнлари ташкил этилмоқда”, - дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг ўтган 11 ойи давомида ватанга қайтган меҳнат мигрантларининг 39 225 нафари (84 фоизи) уйма-уй юриб ўрганилган, 74 754 нафар (16 фоизи) меҳнат мигрантлари бўйича мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

Мониторинг ўтказилган фуқароларнинг 268 267 нафари (57 фоизи) бандлиги таъминлангани айтилади.

Шунингдек, хорижда ишлаб келган меҳнат мигрантларининг 35 651 нафари (7,6 фоизи) вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида чет давлатларга қайтиб кетган. 88 691 нафари (19 фоизи) вақтинча ишсиз ҳамда 16 325 нафари (4 фоизи) турли сабабларга кўра меҳнатга лаёқатсизлиги аниқланган.

Мавзуга оид