Жаҳон | 15:42 / 20.12.2020
17463
5 дақиқада ўқилади

Fortune нашри «Йил тадбиркорлари» ўнлигини танлади

Нуфузли Fortune нашри анъанавий «Йил тадбиркори» номинациясининг 2020 йил бўйича рейтингини эълон қилди.

АҚШнинг энг муваффақиятли аёл тадбиркорларидан бири Трисиа Гриффит рейтингнинг 10-ўрнидан жой олган.

2018 йилги рейтингга ҳам кирган Гриффит хоним муваффақиятли фаолиятини инқирозли 2020 йилда ҳам давом эттириб, Progressive суғурта компаниясида аъло натижаларга эришди. Сўнгги 12 ой мобайнида компаниянинг фойдаси 61 фоизга ортган. У 2016 йили бош менежер бўлиб келган компаниянинг биржадаги қиймати эса қарийб уч баробарга қимматлади.

9-ўриндан дунёнинг гигант тўлов тизимларидан бири MasterCard’нинг СЕО’си Ажай Банга жой олди.

Унинг бошқаруви мобайнида космик молиявий кўрсаткичлар қайд этилди. Йиллик ўртача ўсиш 19 фоизни ташкил қилган бўлса, умумий айланма капитал 40 фоизга ошди. Акционерларга 1600 фоизлик дивидентлар тўлаб берилди.

Ҳайдарободлик Шантану Нараён рейтингнинг 8-ўрнига жойлашди.

Дизайн ва монтаж дастурлари ишлаб чиқариш етакчиси Adobe Нараён бошчилигида ўсишда давом этди. Компания жорий йилнинг 3-чорагида фойда 14 фоизга ошганини маълум қилди. Adobe’нинг асосий фойдаси PDF шаклидаги ҳужжатларга ишлов бериш ва дизайн қилиш дастурларини яратадиган рақамли медиа сегменти орқали ишлаб топди.

7-ўрин дунёнинг энг бой одами Жефф Безосга насиб этди.

Пандемияда локдаун туфайли онлайн харидларга талаб кескин ортиб кетгани туфайли Amazon компанияси бу йили 400000 иш ўрни яратди. Компания сўнгги чоракда 100 миллиард доллар даромад қилди. Amazon’нинг бозордаги капитализацияси эса 1 триллион 600 миллиард доллардан ортиб кетди.

Regeneron компанияси бош менежери Леонард Шлифер 6-ўрин соҳиби.

Нью-Йоркда жойлашган компания бу йил анча фаол бўлди. Хусусан, таркибида антитаначалар бор коронавирусга қарши коктейл яратиб оғизга тушди. Ўша коктейл октябрь ойида Дональд Трампни коронавирусдан даволашда қўллаб кўрилди. Шунингдек, компаниянинг Inmazeb номли коктейли Эбола касаллигига қарши илк самарали восита деб топилиб, FDA тасдиғидан ўтди. Инновациялар Regeneron’га мисли кўрилмаган натижаларни тақдим этди. Сўнгги 12 ой давомида компаниянинг даромади 40 фоизга, соф фойдаси эса 47 фоизга ошди.

5-ўрин. Рейтингда АҚШдан ташқарида жойлашган компания раҳбари Элизабет Гейнс.

Гейнс хоним глобал пандемия ва чигаллашиб бораётган Австралия-Хитой муносабатлари фонида металл ишлаб чиқарувчи бу компания яхши натижаларни қайд этди. Бундан ташқари, Гейнснинг саъй-ҳаракатлари туфайли Fortescue’нинг конларида бирорта ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилмади.

4-ўрин. Сўнгги пайтларда оғиздан тушмай қолган Netflix раҳбари рейтингга кирмай қолиши адолатдан бўлмасди.

Рид Ҳастингз компания сиёсати ва менежментини шу даражада буриб юбордики, Netflix ўзи каби стриминг компаниялар уёқда турсин, анъанавий телевизион каналларга ҳам жиддий рақобатчига айланди. Netflix 2020 йилнинг дастлабки 9 ойида 28 миллион обуначини жалб қила олди. Шунга мос равишда, компаниянинг акциялари 60 фоизга қимматлади.

Асли тайванлик Йенсен Ҳуанг рейтингда 3-ўринга лойиқ топилди.

Nvidia асли тезкор видеокарталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Лекин 2020 йилда компания технологиянинг турли соҳаларида фойдаланиладиган чипларни сотувга чиқариб, АҚШнинг энг йирик чип ишлаб чиқарувчиси Intel’ни ҳам ортда қолдирди. Бу эса биржа савдоларида ўз акс-садосини бермай қолмади – Nvidia акциялари 122 фоизга қимматлади.

Тасодифни қарангки, 2-ўринда Nvidia’нинг азалий рақиби AMD раҳбари Лиза Су турибди.

Су хонимнинг узоқни кўра билиш қобилияти туфайли банкрот бўлаёзган Advanced Micro Devices яна сафга қайтди. Қайтганда ҳам жарангдорроқ лойиҳалар билан – Zen чиплари бозорда қўлма-қўл бўлиб кетди. Савдолар ҳажми сўнгги 12 ойда 9 миллиард доллардан ошди. Компаниянинг 1 дона акцияси 2016 йилда 2 долларни ташкил қилган бўлса, шу кунларда 85 доллардан ошиб кетган. Компаниянинг капитализацияси эса 100 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади.

1-ўрин эса «кесакдан олов чиқариш»га бел боғлаб, кўзлаганига албатта эришишга ўрганган ва бошқаларни ҳам шунга кўниктирган Илон Маскники.

Маск ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Лекин НАСАдек кучли кадрларга эга ва бақувват компания 2011 йилда воз кечган лойиҳани бу йил каррасига арзон амалга оширгани айтиб ўтилмаса бўлмас (гап ер орбитасига космик аппаратда одам жўнатиш ҳақида). Маск ўзини моҳир менежер, ғаройиб ихтирочи ва оддий инсон сифатида намоён қилди. Унинг Жефф Безосдан кейин дунёнинг энг бой одамига айлангани эса алоҳида мавзу. Дарвоқе, Маск «Йил тадбиркори» рейтингига иккинчи бор кириши. 

Мавзуга оид