Сут ва сут маҳсулотлари нархи ошаётганини Kun.uz мухбирларининг республика бўйлаб ўрганишлари ҳам тасдиқлайди. 20 декабр кунги нарх-наволар ҳақидаги маълумотларга кўра, сут нархи Урганч ва Жиззахда 4 минг сўм бўлгани ҳолда республика бўйлаб ўртача 5-6 минг сўм атрофида, айрим жойларда 8 минг сўмгача чиқиб кетгани кузатилган.
Бу хом сут, яъни қадоқланмаган, пиширилмаган ва кўп ҳолларда ёғи олинган маҳсулот нархлари. Аммо қадоқланган маҳсулотларда нафақат нарх ошяпти, балки маҳсулотнинг кескин танқислиги ҳам кузатиляпти.
Бунинг сабабларини ўрганиш учун уйида чорвачилик билан шуғулланувчилар, йирик чорвадорлар, тайёр маҳсулот қадоқловчилар ва сотувчилар билан суҳбатлашдик.
Маълум бўлишича, сут қийматининг шаклланиши кўп марта ўрганилган гўшт нархи муаммолари билан айни бир хил экан. Яъни хомашё етказувчиларнинг аксарияти бир хил гапни такрорлашди – сигирни боқиш учун ем, пичан қиммат. Зарур майдонлар йўқлиги, озуқа базаси ғариблиги хомашё ҳажмига салбий таъсир қилади.
Санжар Муҳаммеджанов, «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ иш бошқарувчиси:
– Бизда 970 бош қорамол, 2,5 мингта қўй бор. Ҳар куни ўртача 4700 литр сут топширамиз. Биз одатда қишин-ёзин сут нархини бир хил сақлаймиз, яъни йиллик шартномаларга кўра ишлаймиз. Чунки қишда сут истеъмоли ошади, ёзда эса аксинча, сутга талаб камаяди, бундай пайтларда сутни узоқ сақланиши мумкин бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларига топширамиз.
Энди умуман сут нархи ошиб бораётганига келсак, бунинг аниқ сабаблари бор ва булар чорвачиликни азалдан қийнаб, ривожланишига тўсқинлик қилиб келаётган муаммолардир. Бир бош қорамол учун норматив бўйича 0,45-1 гектар суғориладиган ер берилиши керак. Мана, бизда шунча чорва бўлатуриб, 143 гектар еримиз бор. Мажбурликдан четдан озуқа сотиб оламиз ва бу таннархга таъсир қилмай қолмайди.
Қолаверса, байрам фактори ҳам бор. Яъни янги йил байрами арафасида сутга бўлган талаб кескин ошади. Биз шартнома бўйича бир маромда ишлаганимиз билан шахсий хўжаликда қорамол боқувчилар талабга кўра нархни оширади.
«Evro Ekfin» МЧЖ (Rash-Milk савдо белгиси), Ҳусниддин Мамасиддиқов, хомашё ва ташқи савдо менежери:
– Сут маҳсулотлари қимматлигига сабаб, асосан, хомашёлар таннархи баландлигида. Дунё бозорида хом сут арзонлиги сабаби ривожланган давлатларда чорвачилик мукаммал ривожланган. Яъни ер ҳажмига нисбатан сут берувчи қорамолнинг сут унумдорлиги юқори ҳисобланади.















