11:33 / 22.12.2020
2794

ТИҚХММИ: Исроил олий таълим вакиллари ва олимлари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

20 декабр куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида, мазкур олий таълим муассасасининг ректори профессор Ў.Умурзаков бошчилигидаги раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Исроил давлатидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Ю.Махмудова ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтди.

Ижодий руҳда ўтган учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ҳамда Исроилнинг барқарор иқтисодий ижтимоий тараққиёти режаларига мос келувчи долзарб масалалар бўйича ҳар икки мамлакатдаги олий таълим, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият олиб бораётган ташкилотлар, олимлар ҳамда мутахассислар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва устувор йўналишлари бўйича фикр алмашдилар.

Жумладан, мамлакатларнинг табиий-хўжалик шароитлари ва иқтисодий ривожланиш дастурларидаги ўзига хос ўхшашликлар ва манфаатлардан келиб чиққан ҳолда олий таълим ва инновациялар, сув хўжалиги ҳамда агросаноат мажмуаларини ривожлантириш йўналишларидаги муаммолар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш механизмлари атрофлича таҳлил қилинди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга асос бўлувчи омиллар ва зарурий шароитларни назарда тутган ҳолда мазкур йўналишдаги ҳаракатлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда томонларнинг вазифалари белгилаб олинди.

Соҳа олий таълими, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги интеграцияни таъминлашни назарда тутган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бошланғич йўналишлари сифатида “Қишлоқ хўжалигида сув тежамкор ва ақлли технологияларни ривожлантириш”, “Табиий ва оқава сувлари сифатини яхшилаш технологияларини такомиллаштириш” ҳамда “Қишлоқ ва сув хўжалигида ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш ва автоматлаштириш” каби йўналишлар танланди.

Дастлабки босқичда фаолиятларни қўшма вебинарлар ташкил этиш, ҳамкорликдаги ўқув ва илмий дастурларни ҳамда қўшма илмий лойиҳа-таклифларини ишлаб чиқишдан бошлаш бўйича келишиб олинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Исроил вакилларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги барқарор бўлишига ишонч билан қарамоқдалар.

ТИҚХММ Институти Матбуот хизмати

Top