Ўзбекистон | 21:27 / 24.12.2020
7679
3 дақиқада ўқилади

«ОАВ ва блогерлар таклифлари инобатга олинди» — ҳуқуқшунос интернетдаги комментларга оид янги тартиб ҳақида

«Муштарийлар томонидан қолдирилган коммент учун ОАВ ва блогерлар жавобгар бўлади, деган қоида йўқ», дейди Хушнудбек Худойбердиев.

Ўзбекистонда ОАВ ва блогерлар интернетдаги чиқишлари остида қолдирилган қонунга зид изоҳларни хабарнома олгач ўчиришлари лозим.

Ушбу тартиб 23 декабрдаги ҳукумат қарори билан тасдиқланди.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг қайд этишича, ушбу қарор ОАВ ва блогерларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилинган.

«Қарорда нималар назарда тутилмоқда?

Энг аввало, муштарийлар томонидан қолдирилган коммент учун ОАВ ва блогерлар жавобгар бўлади, деган қоида йўқ. Гап фақат Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш ҳақида кетмоқда.

Хабарнома юбориш тартиби қандай бўлади?

  • Айтайлик, қайсидир ОАВ ёки блогернинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига кимдир қонунга зид комментарий (терроризм, диний ёки миллий адоват, жиноятчиликка даъват, ҳақорат ва шу кабиларга оид) қолдирди.
  • Агар комментлар жуда кўп бўлса, буни ОАВ ёки блогер доимий назорат қила олмайди. Шу сабабли кўрмай қолган комменти учун жавоб бермайди. Бу мантиқан ҳам тўғри.
  • Бундай комментни АОКАнинг Мониторинг маркази аниқласа, унда ОАВ ёки блогерга электрон равишда скриншотлари билан хабарнома юборади.
  • Унда ОАВ ёки блогердан хабарномани олгандан кейин (изоҳ қолдирилгандан кейин эмас) 24 соат ичида ўша комментни ўчириш сўралади.
  • ОАВ ёки блогер ўша комментни ўчиради.

Аммо бир муҳим жойи, мазкур хабарнома ОАВ ёки блогерга албатта ўша комментни ўчириш мажбуриятини юкламайди. Бу ўз номи билан хабарнома холос. Яъни хоҳласа ўчиради. Бу коммент қонунга зид эмас, деб ҳисобласа, ўчирмаслиги ҳам мумкин. Унда нима бўлади? Унда АОКА агар лозим топса, судга мурожаат қилиши мумкин.

Кўриб турганингиздек, ўчириш мажбуриятини фақат суд белгилай олади. Бошқа органлар эмас. Ҳуқуқий давлатларда фақат суд охирги сўзни айтиши керак ва бу қоида мазкур қарорда ҳам акс этгани қувонарли», – деб ёзди Хушнудбек Худойбердиев.

Блогернинг қўшимча қилишича, ўзини ҳурмат қилган ОАВ ёки блогерлар шундоқ ҳам қонунга зид материалларни, изоҳларни эълон қилиш мумкин эмаслигини яхши билишади ва буни кўрган заҳоти ҳеч бир хабарномасиз ҳам ўчиришади.

Чунки сўз эркинлиги – бу қонун доирасида исталган фикрни айта олиш дегани, қонунни ва ўзгалар ҳуқуқларини бузган ҳолда айтилган сўзлар, эркинлик бўлмаса керак, дейди у.

Мавзуга оид