Жаҳон | 13:11 / 24.07.2024
3807
3 дақиқада ўқилади

Россиялик блогерларга урушни реклама қилиш мажбурияти юкланиши мумкин

Россия блогерлар ва агентликлар ассоциацияси (АБА) контент муаллифларига реклама ҳажмининг 5 фоизини ижтимоий рекламаларга ажратиш мажбурияти тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бундай рекламаларнинг бир қисми Украинадаги уруш рекламаси бўлиши ҳам мумкин.

Фото: api.top68.ru

АБА ҳаммуассиси Максим Перлиннинг “Коммерсант” нашрига сўзлаб беришича, ассоциация блогерларнинг платформасидаги йиллик реклама ҳажмининг 5 фоизини ижтимоий лойиҳаларга йўналтиришни таклиф этмоқда. Бундай таклифини у РФ Давлат думаси вице-спикери Пётр Толстой раҳбарлик қилаётган блогосферада қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида ўртага ташлаган.

Айни пайтда бундай квота давлат ОАВлари учун амалда. «Инфлюенсерларга тегишли майдончаларда ижтимоий аҳамиятли ва хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи фойдали контент миқдори ошади», — дейишган АБАдагилар нашрга. Ассоциациядагиларнинг қайд этишича, блогерлар иқтисодий фаолият умумроссия таснифида алоҳида код олганидан сўнг ташаббусни Давлат думасига олиб кириш мумкин.

NMi Groupʼнинг рақамли технологиялар бўйича директори Анна Планинанинг айтишича, блогерларда ижтимоий реклама “инсондан инсонга” форматида берилиши сабабли самаралироқ ишлайди ва бу “абадий қадриятлар ва маънавий ўлчовларни трансляция қилишда ҳаммадан ҳам мос келади”.

Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) маълумотларига кўра, Россиянинг ижтимоий рекламасидаги иккида асосий сюжет Украинадаги “махсус ҳарбий амалиёт” ва давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат.

Сўровларга кўра, россияликларнинг 68 фоизи бундай реклама керак, деган фикрда. Бунга қарши фикрни 22 фоиз сўралганлар билдирган. Бундай рекламага зарурият борлигини аёлларнинг 71 фоизи, 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган ёшларнинг 83 фоизи, олий ва тўлиқсиз олий маълумотга эга бўлганларнинг 76 фоизи, интернетдан фаол фойдаланаётган россияликларнинг 75 фоизи ёқлаган.

Сўровларга кўра, моддий ҳолати даражаси қанчалик юқори бўлса, ижтимоий рекламага тарафдорлик даражаси ҳам шу қадар юқори бўлган. Яхши харид қобилиятига эга бўлган россияликларнинг 70 фоизи ижтимоий рекламаларни қўллаб-қувватлаган.

2023 йилнинг октябрида бир гуруҳ россиялик депутатлар “Реклама тўғрисида”ги федерал қонунга ижтимоий рекламалар улушини йиллик ҳажмга нисбатан 20 фоизгача ошириш тўғрисида ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурган. Ҳужжатда қайд этилишича, ижтимоий рекламанинг таъсирчанлиги унинг сонига тўғридан тўғри боғлиқ.

Мавзуга оид