Жаҳон | 00:36 / 24.12.2020
7818
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон кўмаги билан Қирғизистонда 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қуриб битказилди

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжай туманида Ўзбекистон кўмаги билан 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қуриб битказилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Aмрилло Иноятов бошчилигидаги делегация Қирғизистон Республикасида бўлиб қайтди. Делегация Боткен вилояти Қадамжай тумани Марказий туман шифохонасида бўлди. У ерда Қирғизистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Aлимкадир Бейшеналиев ва Қирғизистон ҳукуматининг бошқа вакиллари иштирокида шифохонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Икки томонлама мулоқотлар давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги  ўзаро ҳамкорлик алоқалари, шу жумладан, COVID-19'га қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар юқумли касалликларни даволаш, ташхислаш ва олдини олиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. 

Бейшеналиев  юқумли касалликлар шифохонасининг қурилиши, унинг жиҳозланишида кўрсатилган амалий кўмак ва тақдим этилаётган гуманитар ёрдам учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, пандемия даврида молиявий имкониятлар ҳамда даволаш муассасаларида ўринлар етишмаётган мураккаб шароитда ўзбекистонликларнинг ушбу кўмаги юқори баҳоланишини айтиб ўтди. 

Замонавий шифохона қурилиши ва жиҳозланиши тўлиқ Ўзбекистон томонидан молиялаштирилди ва қисқа муддатларда фойдаланишга топширилди. Муассаса зарур тиббий жиҳозлар ва мебеллар билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, беморлар учун барча шароитлар яратилган. 

200 ўринли юқумли касалликлар шифохонасининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ва ўзбек халқига миннатдорлик билдиришди.

Мавзуга оид