Жамият | 17:49 / 26.12.2020
15728
2 дақиқада ўқилади

Қўрғонтепада «Туронбанк» масъуллари банк пулларини шахсий эҳтиёжлар учун ишлатиб юборгани аниқланди

“Туронбанк” АТБ Андижон филиали Қўрғонтепа банк хизматлари офисида 220 млн сўмдан ошиқроқ камомад аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Туронбанк

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида “Туронбанк” АТБ Андижон филиали Қўрғонтепа банк хизматлари офисининг масъул ва моддий жавобгар шахслари ўзларининг моддий жавобгарлигидаги Қўрғонтепа банк хизматлари офиси ичида бўлган “UZKARD” банкоматига жойлаштириб қўйилган жами 191 млн 540 минг сўм миқдоридаги пулларни олиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган. Бу ҳақда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси матбуот хизматига таяниб Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

 Бундан ташқари, “Туронбанк” АТБ Андижон филиали Қўрғонтепа банк хизматлари офиси нақд пул маблағларининг қолдиғи банк мутахассислари томонидан ўрганилганида, банк кассасига 2020 йил 17 декабр кунига қадар жами 47 млн 282 минг сўм миқдорида пул маблағлари кирим қилинганлиги ҳақидаги ҳисоботлар киритилган. Бироқ банк кассасида мазкур кирим қилинган нақд пулларнинг 36 млн 48 минг сўми мавжуд эмаслиги аниқланган.

 Мазкур ҳолатлар бўйича “Туронбанк” АТБ Андижон филиали Қўрғонтепа банк хизматлари офиси масъул ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, «Туронбанк»нинг Зангиота филиали собиқ ходими жиноий йўл билан фуқароларнинг банкка омонатда сақлашга топширган 100 минг АҚШ долларини ўзлаштириб кетгани маълум бўлганди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид