Ўзбекистон | 13:15 / 28.12.2020
17811
3 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева 8 йилдан бери пансионатда яшаётган журналист ҳолидан хабар олди

Қатор нашрларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обидов яшашга жойи бўлмагани сабабли уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида яшаб келаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Хабарларда айтилишича, хизмат кўрсатган журналистнинг пенсия пули шу йилнинг сентябр ойидан 1 миллион сўмга етган. У ҳозирда пансионатда пуллик шартнома асосида яшайди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева пансионатда яшаётган фахрий журналист ҳолидан хабар олди.

“Куни кеча биз Саида Шавкатовна билан 8 йилдан буён Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида истиқомат қилаётган Ўзбекистоннинг фахрий журналисти Рустам Обидовни кўргани бордик.

Рустам Обидов аллақачон пенсияга чиққанига қарамай, таржималар қилиб, астойдил ишлашда давом этмоқда. Афсуски, бу йил пандемия туфайли бу ҳалол, меҳнатсевар ва жуда камтар инсон қийин молиявий вазиятга тушиб қолди. Шу сабабли ҳам пансионатда яшаш харажатларининг барчасини тўлай олмаган.

Масс-медиа фонди ва шахсан мен Рустам Обидовга унинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришни ўз бурчимиз, деб ҳисоблаймиз. Фахрий журналистлар Ўзбекистон тарихидир. Уларнинг меҳнати ва фидокорона фаолияти туфайли биз мамлакатимиз босиб ўтган йўл ҳақида биламиз. Ва бизнинг бу кўмагимиз уларга ва уларнинг меҳнатларига билдирилган миннатдорчилигимизнинг кичик бир қисмидир”, - дея маълум қилди Комил Алламжонов.

Саида Мирзиёеванинг айтишича, Рустам Обидов пандемия туфайли ўз фаолиятини давом эттира олмай, қийин молиявий вазиятга тушиб қолган эди.

“Ҳаётда ҳар бир инсон қийинчиликларга дуч келиши мумкин, энг асосийси Рустам Обидов каби умидни сўндирмасликдир. Биз фахрий журналистни кириб келаётган Янги йил билан табриклаб, унга совғалар тақдим этдик ҳамда унга соғлик-саломатлик ва фаровонлик тиладик”, - дейди Саида Мирзиёева.

Мавзуга оид