Жаҳон | 19:47 / 29.12.2020
4999
2 дақиқада ўқилади

Бир ярим миллиард донадан ортиқ ниқоб дунё океанига тушиши мумкинлиги маълум қилинди

Таъкидланишича, океанларнинг ифлосланиши балиқчилик хўжалиги ва туризм саноатига ҳам салбий таъсир кўрсатади ва дунё иқтисодиётига йилига 13 миллиард долларга тушади.

Фото: Andrey Nekrasov / Barcroft Media / Getty Images

Коронавирус пандемияси экология учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Бу йил ишлаб чиқарилган 52 миллиард дона тиббий ниқобнинг 1,5 миллиарддан ортиғи дунё океанига тушади. Океанларни ҳимоя қилиш бўйича Oceans Asia гуруҳи экспертлари ана шундай хулосага келди.

 Ҳисоб-китобларга кўра, бунинг натижасида дунё океани 4680—6240 тонна пластик билан ифлосланади.

 Қайд этилишича, ниқоблар 450 йилда чирийдиган полипропилендан тайёрланади. Вақт ўтиши билан ниқобнинг микроскопик зарралари ажралиб чиқиб, океанлар экотизимига хавф солади.

«Океаннинг пластик билан ифлосланиши оқибатида ҳар йили 100 мингга яқин сутэмизувчи ва тошбақалар, миллиондан ортиқ денгиз қушлари ва улардан ҳам кўпроқ балиқлар ҳамда умуртқасиз жониворлар ҳалок бўлади», — деди Oceans Asia амалиётчи директори Гэри Стоукс.

 Унинг таъкидлашича, океанларнинг ифлосланиши балиқчилик хўжалиги ва туризм саноатига ҳам салбий таъсир кўрсатади ва дунё иқтисодиётига йилига 13 миллиард долларга тушади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид