Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
UzAuto Motors ОАВ ва блогерларни компанияга молиявий зарар етказишда айблади
UzAuto Motors юридик департаменти директори Рустам Шоймардонов ОАВ ва блогерларни компанияга катта миқдорда молиявий зарар етказишда айблаб чиқди. Унинг айтишича, «буюртма асосида тарқатилган» бўҳтон ва асоссиз хабарлар «миллий бренднинг нуфузи»га ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир қилган.
Компания расмий сайтида эълон қилинган мақоласида Рустам Шоймардонов йил сўнгида UzAuto Motors дуч келган муаммоларда ОАВ ва блогерларни айблаган.
«Сўнгги йилларда мамлакатда ахборот олиш эркинлигини таъминлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ айрим ОАВ, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай имкониятларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда «махсус буюртма» асосида турли бўҳтон ва асоссиз хабарларнинг тарқатиб борилаётгани, нафақат миллий бренднинг нуфузига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда», деб ёзади Рустам Шоймардонов
Унинг айтишича, бундай хабарлар тарқалиши 2020 йилнинг август-сентябр ойларида «UzAuto Motors» АЖ кунлик тушумини қарийб 30-40 миллиард сўмга кескин камайишига ёхуд жорий йилнинг август-сентябр ойларида белгиланган режа 562 миллиард сўмга кам бажарилишига сабаб бўлган.
«Бундай йўқотишлар АЖнинг мазкур тушумларга мутаносиб равишда давлат бюджетига солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлашига тўсқинлик қилган. Маблағ тақчиллиги юзага келиши натижасида сентябр ойида режалаштирилган аккредитив тўловлари ва хорижий ҳамкорларга йўналтириладиган тўловлар октябр-ноябр ойларида кечиктириб тўланган», дейди компания юридик департаменти директори.
Рустам Шоймардонов, шунингдек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда буюртма бўйича ёзилган асоссиз хабарлар тарқатилиши Ўзбекистонга инвестиция олиб кирмоқчи бўлган инвесторларда иккиланишни пайдо қилганини айтади.
«Ушбу хабарлар Ўзбекистон инвестиция жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, аксарият инвесторларда юртимизга инвестициялар олиб киришида иккиланишлар пайдо қилмоқда», дейди у.
Рустам Шоймардонов давлат аҳамиятига молик ҳамкорлик келишувининг кечикишига ҳам ОАВ ва блогерларни айблаган.
«Хорижий ҳамкорлар билан жамиятнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги 150 миллион евро миқдоридаги давлат аҳамиятига молик ҳамкорлик келишуви кечикишига ҳам айнан шундай хабарлар сабаб бўлган», дейилади мақолада.
Рустам Шоймардонов ўз айбловларида UzAuto Motors'га зарар етказган ОАВ ва блогерлар номини очиқламаган.
Маълумот учун, бир неча йилдан буён ОАВ, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари UzAuto Motors фаолиятини танқид қилиб келмоқда.
Айниқса ортда қолаётган йилда мамлакатдаги енгил автомобил ишлаб чиқарувчи монопол ташкилот манзилига истеъмолчилар ва ОАВ вакиллари, блогерлар томонидан танқидлар «ёғдирилди».
Корхона март ойида автомобиллари нархини оширгач, «танқидлар оқими»га Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам қўшилди.
Нарх ошишини махсус комиссия тузиб ўрганган Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors нархни асоссиз оширган деган хулосага келди; компаниядан нархларни тушириб, ортиқча ундирилган пулларни мижозларга қайтаришни талаб қилди.
Талабни рад этган компания қўмитани судга берди ва юриб чиқди. Расул Кушербаевнинг бу ҳолатни «эски Ўзбекистон»нинг «янги Ўзбекистон» устидан ғалаба қозониши деб атаган эди.
Мавзуга оид
14:22 / 16.01.2025
2024 йилда UzAuto Motorsʼнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 88 фоизга етди
16:31 / 10.01.2025
UzAuto Motors компаниясига вақтинчалик раҳбар тайинланди
21:14 / 09.01.2025
UzAuto Motors компаниясининг швециялик собиқ раҳбари янги иш топди
18:45 / 27.12.2024