Ўзбекистон | 22:11 / 30.12.2020
9174
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусли йилда «чиройли» авторақамлар савдоси ошди

2020 йилда биржа орқали сотилган авторақамлар сони 106 мингдан ошган ва тушум ҳам кўпайди.

2020 йилнинг бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz вебсайтида 262,6 миллиард сўмлик 106 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,6 марта, ҳажми бўйича – 71,2 фоизга ўсди, деб хабар бермоқда биржа матбуот хизмати.

Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 миллион сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 92,3 фоизи жисмоний шахслар, 7,7 фоизи – юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 450 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 206,7 миллион сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 30 фоизи биринчи тоифадаги авторақамлар, 33,5  фоизи – иккинчи, 19,3  фоизи – учинчи, 5,9 фоизи – тўртинчи, 5,4 фоизи –бешинчи ва 5,9 фоизи – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45,2 фоизи) Фарғона (8,2 фоизи), Самарқанд (8,1 фоизи) ва Наманган (6,0 фоизи) вилоятларида харид қилинди.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан жорий йилда аукцион савдолари орқали қўшимча 271 та жуфт авторақамлар ҳам сотилиши белгиланди. Мазкур қарор кучга кириши билан жорий йилда онлайн-аукционлар орқали ҳар ойда сотиладиган авторақамларнинг ўртача сони 2 минг 700 тадан 14 минггача ошган.

Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади.

Маълумот учун, 2019 йилда 36 мингдан зиёд «чиройли» авторақамлар сотилган бўлиб, рақамлар савдосининг умумий суммаси 156.1 миллиард сўмга тенг бўлганди. Шунда, тузилган битта битимнинг ўртача нархи 4.3 миллион сўмни ташкил этган

Мавзуга оид