Жамият | 17:14 / 02.01.2021
6396
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Зангиотада мулки бузилган тадбиркорларга компенсация ўрнига ер ажратилди

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Эшонгузар қўрғонида истироҳат боғи қурилиши сабаб тадбиркорларнинг нотурар жой бинолари компенсация масаласи тўлиқ ҳал қилинмасдан бузиб ташланган эди. Туман ҳокимлиги компенсация ўрнига берилган ерга вилоят ҳокимлигининг рухсати сўралган қарор чиқарган. Натижада, тадбиркорлар икки ҳокимлик ўртасида «копток» бўлаётганди.

Мулки бузилган тадбиркорлар бир неча бор Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан сайт орқали бир неча бор танқидий мақолалар эълон қилинди.

Дастлаб «Бир йилдан бери сарсонмиз» - Зангиотада 10 нафар тадбиркор икки ҳокимлик ўртасида «копток» қилинмоқда» номли мақола берилди. Унда туман ҳокимлиги ўз айбини бир ҳафта ичида тўғрилаши айтилган эди.

Натижа бўлавермагач, «Зангиотада бинолари бузилган ўн нафар тадбиркор компенсацияни яна қанча кутиши керак?» номли иккинчи мақола орқали муаммо ҳал бўлмаётгани яна бир бор эслатиб ўтилди.

«Қудратдаги ҳокимликлар ва зўр чиққанда ожиз МИБ. Тадбиркорни ким ҳимоя қилади?» сарлавҳали мақолада яна ечимини кутаётган муаммога эътибор қаратилди.

Ниҳоят, 2020 йил 16 декабрда Зангиота туман ҳокимлигининг мулклари бузиб ташланган тадбиркорларга ер ажратиш тўғрисидаги қарори чиқарилди. Зангиота туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Жасур Усмоналиевнинг тасдиқлашича, энди тадбиркорлар ўз ерига эгалик қилиши, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.

«Снос» масалалари мулк эгасининг розилиги олиниб, компенсация масаласи ҳал этилганидан сўнг амалга оширилишига умид қиламиз.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид