Ўзбекистон | 10:02 / 03.01.2021
8030
2 дақиқада ўқилади

Чимёндаги йўлларда 5 январгача бир томонлама ҳаракат ташкил этилади

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг тоғли қисмида жойлашган айрим йўлларда 5 январь кунига қадар автомобилларнинг бир томонлама ҳаракати ташкил этилади.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, тумандаги йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти инобатга олиниб, турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида автомобиллар ҳаракатланиши чекланмоқда.

«Янги йил байрами муносабати билан юртимизда 1, 2, 3 январь кунлари дам олиш куни деб белгиланиши муносабати билан кўплаб фуқаролар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги тоғли ҳудудларда жойлашган дам олиш масканларига узлуксиз равишда ташриф буюрмоқда. 

Тумандаги автомобил йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини инобатга олиб, турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 5 январь кунига қадар 4Р-12 Бектемир—Чорбоғ автомобил йўлининг 61-километридан 4Р-6 Тошкент—Чирчиқ—Чимён автомобил йўлининг 57-километрига ўтиш қисмидан, яъни Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳридан чиқиш жойидан то 4Р-6 автомобиль йўлининг 87-километрига — Бўстонлиқ тумани Юсуфхона аҳоли яшаш жойига қадар автомобилларнинг ҳаракатланиши бир томонлама қилиб ташкил этилади», — дейилади хабарда.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Идора матбуот хизмати ушбу ҳолатда барча ҳайдовчилардан вазиятни тўғри тушуниб, ўрнатилган йўл белгиларига риоя қилишни, хизматга жалб қилинган ЙПХ инспекторларининг ишора ва кўрсатмаларига амал қилиб ҳаракатланишни сўраган.

Аввалроқ Чимёнда дам олувчилар сонининг кескин ортиб кетгани сабаб тоғга кўтарилиш йўлида машиналар ҳаракати вақтинча чеклангани тўғрисида хабар берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид