00:57 / 05.01.2021
20803

Демократлар Трампга қарши жиноий иш қўзғатилишини талаб қилишмоқда

Фото: Reuters

АҚШ конгресси вакиллар палатаси аъзолари, демократлар Тед Лю ва Кэтлин Райс Федерал қидирувлар бюросидан АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трампга қарши жиноий иш қўзғатилишини сўрашмоқда. Бунга эса Трампнинг Жоржия штати давлат котиби Брэд Раффенспергерга қўнғироғи сабаб ҳисобланади. 

NBC News телеканалининг хабар беришича, демократлар бу талаб билдирилган мактубни ФҚБ директори Кристофер Рэйга йўллашган.

“Конгресс аъзолари ва собиқ прокурорлар сифатида биз Доналд Трамп сайловлар билан боғлиқ бир қатор жиноятларни содир этиш мақсадида тил бириктиришда ёки гижгижлашда иштирок этган, деб ҳисоблаймиз”, дейилган демократлар мактубида.

Аввалроқ ОАВда Трамп Жоржия давлат котиби Брэд Раффенспергерни штатда президент сайловларидаги овозларни ўзининг фойдасига қайта ҳисоблашга чақиргани ҳақида ахборот пайдо бўлганди.

3 ноябрда ўтган АҚШ президенти сайловларида демократ Жо Байден ғалаба қозонганди. Амалдаги президент Доналд Трамп эса ўз мағлубиятини тан олмаяпти ва бир қатор штатларда овозлар қайта ҳисобланиши талаби билан судларга мурожаат қилган.

Top