Ўзбекистон | 20:29 / 06.01.2021
10601
2 дақиқада ўқилади

Вазир Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни қуришга оид норматив база талабга жавоб бермаслигини айтди

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида қурилиш вазири Ботир Зокиров илгари кўп қаватли уйлар 9 қаватдан ошмагани, ҳозир эса уйлар 16-20 қаватли қилиб қурилаётгани, бу масалада норматив база талабга жавоб бермаслигини таъкидлади.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Шаҳарсозлик кодекси билан қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни доимий янгилаб бориш бўйича тартиблар тасдиқланди, кодекснинг 4-6-бандларида ҳаммаси кўрсатилган. Қурилиш вазирлиги бугунги кунда барча вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлашга мажбур. Нимага? Масалан, энергетика соҳасини Энергетика вазирлигидагилар яхшироқ билишади. Ушбу вазирлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини биз билан биргаликда ишлаб чиқишади, биз уларни мувофиқлаштирамиз ва тасдиқлаймиз.

Ёнғин хавфсизлиги бўйича жуда долзарб масаламиз бор. Илгари кўп қаватли уйларимиз 9 қаватдан ошмаган бўлса, ҳозир 16-20 қаватга кўтарилди. Бу масалада бизнинг норматив базаларимиз талабга жавоб бермаяпти. Чет элдан олимларни таклиф қилиб, шу уйларнинг зилзилабардошлилиги, ёнғин хавфсизлиги ва санитария нормалари талабларига жавоб беришига доир ҳамма нормативларни ўзгартириш бўйича тўлақонли шароитга эга бўлдик.

Бугун Сенат томонидан маъқулланган кодексда Қурилиш вазирлиги ҳар битта мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда шу соҳага тегишли бўлган норматив базаларни кўриб чиқиб, тасдиқлаб, амалиётга жорий қилиши кераклиги аниқ кўрсатиб ўтилган. Бизнинг бошқа йўлимиз йўқ. Ҳамма вазирликлар билан биргаликда бу ишларни қилишимиз керак», дея Ботир Зокировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг бугун – 6 январ куни бўлиб ўтган ўн биринчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Бунинг натижасида 2002 йилдан бери амалда бўлиб келган Шаҳарсозлик кодекси ўз кучини йўқотиб, ўрнига эндиликда ушбу Кодекснинг янги таҳрирда ишлаб чиқилган варианти кучга киради.

Мавзуга оид