Ўзбекистон | 18:11 / 09.01.2021
25945
2 дақиқада ўқилади

2020 йил қайси вилоятларда энг кўп коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир этилгани маълум қилинди

2020 йилда энг кўп Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу ҳақда АОКАда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Вилоятлар бўйича олиб қарайдиган бўлсак, 2020 йилда энг кўп Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида коррупция билан боғлиқ жиноятлар бошқа вилоятларга нисбатан кўпроқ содир этилган. Шу ҳудудларда энг кўп зарар ҳам келтирилган ва кўпроқ жиноят содир этилган.

Шунингдек, 2020 йилда давлат бюджетига 2017-2019 йилларга нисбатан кўпроқ пул қайтарилган», – деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ўткирбек Намозбоев.

Шунингдек, тадбирда «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқлангани ҳам маълум қилинди.

Ушбу тартибга кўра, фуқаролар ва давлат хизматчилари бирор соҳада тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида тегишли органларга хабар беришлари мумкин. Рағбатлантириш учун пул мукофоти миқдори коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилигидан келиб чиқиб белгиланган.

Дастлабки таҳлилларга кўра, қарор ижроси учун Ўзбекистон давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300-500 млн сўм маблағлар талаб этилади.

Мавзуга оид