Ўзбекистон | 15:45 / 11.01.2021
7242
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хотин-қизлар масалалари бўйича агентлик ташкил этилиши мумкин

Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқейини янада оширишнинг муҳим масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. 

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Парламент сайтида ёзилишича, бугун республика давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1400га яқин хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда. Уларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат соҳасида 82 фоизни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳасида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоизни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда.

“Маълумки, Хотин-қизларни ўйлантираётган энг асосий муаммолардан бири уларнинг бандлигини таъминлашдир. Муаммоларнинг кўпи ҳам шу масалага боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда 1 миллион атрофида ишсиз аёл бор, бунга доимий иш ўрнига эга бўлмаган, мавсумий ишларда банд аёллар қўшилса, уларнинг сони 2-2,5 миллионни ташкил қилади. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёлғиз оналарни уй-жой билан таъминлаш масалалари ҳам бугунги кундаги оғриқли муаммолардан биридир. Аммо кўплаб аёлларимиз мана шундай оғриқли дардларини кимга, қаерга айтишини, кимдан ёрдам олишини ҳар доим ҳам билавермайди”, - дейилади маълумотда.

Давра суҳбатида иштирокчилар хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб, қўллаб-қувватлайдиган, чуқур таҳлил юритадиган яхлит тизим яратиш эҳтиёжи сезилаётганлигини муҳокама қилдилар ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича агентлик ташкил этиш масаласини ўйлаб кўриш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, барча даражадаги давлат ва жамоат ташкилотларида салоҳиятли, билимли, малакали аёлларни раҳбарлик вазифасига тайинлаш бўйича квоталаш тартибини киритиш таклифи ҳам мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.

Мавзуга оид