Ўзбекистон | 23:05 / 11.01.2021
7906
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Жиззах вилоятидан қайтиб келгач, Тошкентда инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Дастлаб 2021 йилда тижорат банклари томонидан амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди.

Расмий релизга кўра, Ўзбекистондаги тижорат банклари 2021 йилда 120 триллион сўм миқдоридаги йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, қурилиш материаллари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, нефть-кимё, машинасозлик ва бошқа тармоқларда қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 14 та йирик инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Масалан, Сирдарё шаҳрида фаолият юритаётган полиэтилен қоп ва енгил контейнерлар ишлаб чиқариш корхонасида 2 мингга яқин киши меҳнат қилмоқда. Бунинг давоми сифатида, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан «спанбонд-мелтблаун» нотўқима матоларини ишлаб чиқаришга қаратилган 94 миллион долларлик лойиҳа режалаштирилган.

Янги лойиҳалар орқали махсус техникалар, полиметалл маҳсулотлар, геосинтетик материаллар, минерал пахта асосида қурилиш плиталари, қувур, ойна ва бошқа маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш, мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда кичик саноат зоналарини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳридаги инвестицион лойиҳалар бўйича ҳам маълумот берилди.

Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, 2020 йилда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобига 3,7 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилган. Қиймати 11 триллион сўмдан зиёд 306 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, қарийб 13 мингта янги иш ўрни яратилган, дейилади хабарда.

Мисол учун, Бектемир туманидаги «ДСК Бинокор» МЧЖ 504 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобига темир-бетон маҳсулотлар, Сергели туманидаги «Bek Mega Textile» корхонаси 119 миллиард сўмлик инвестиция эвазига тўқимачилик товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этган.

Бу борадаги ишларни давом эттириш мақсадида 2021–2023 йиллар учун қиймати 109 триллион сўмдан зиёд 1 277 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Шундан қарийб 4,9 миллиард доллари хорижий инвестиция ва кредитларга тўғри келиши кутилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар 86 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

Жорий йилда мазкур лойиҳалар доирасида барча манбалар ҳисобидан 4,1 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган. 454 та лойиҳани ишга тушириб, қарийб 29 минг кишини иш билан таъминлаш мақсад қилинган.

Мавзуга оид