Коррупция. Уни йўқ қилиш йўллари ва Ўзбекистондаги ҳолатнинг ўзига хос жиҳатлари
Коррупцияни енгишнинг турли ечимлари таклиф қилинади. Баъзилар аввало тизимни рақамлаштириш зарурлигини айтса, бошқалар ишчилар маошини кўтариш, қонуний жазони кучайтириш ва коррупция ҳолатларини аниқлаш бўйича алоҳида текширувларни амалга ошириш кераклигини таъкидлайди. Аммо одамлар дунёқарашини ўзгартирмай туриб, давлат хизмати устидан халқ назоратини ўрнатмай туриб бир нарсага эришиш қийин.
Коррупция нима?
Фараз қилинг, сиз тансоқчи ёлладингиз ва сизни ҳимоя қилиши учун қурол бердингиз. Энди унда сизга нисбатан устунлик мавжуд: унинг қуроли бор, сизда эса йўқ. Бу қуролни у эртага ўзингизга қарши ишлатмаслигига ким кафолат беради?
Конституцияда давлатга ваколат бериб қўйдингизми, давлатга солиқ тўлаяпсизми, демак, сиз бировга қурол бериб қўйгансиз, лекин бу қуролни ўз манфаатларини кўзлаб сизга қарши ишлатиши учун эмас, сизнинг манфаатларингизни кўзлаб иш тутиши учун бергансиз.
Сиз ишониб ваколат берган одамлар бу ваколатни ўз манфаати йўлида сизга қарши ишлатиши коррупция дейилади. Кенг тарқалган таърифга кўра ҳам коррупция деганда бойлик орттириш ёки шахсий манфаат йўлида шахсга ишониб топширилган лавозимнинг қасддан ва ноқонуний суиистеъмол қилиниши тушунилади.
Ўз ваколатини суиистеъмол қилишнинг жуда кўп кўринишлари мавжудлиги ҳисобига коррупциянинг турли шакллари пайдо бўлади. Унга фақат пора олиш ёки бериш эмас, балки хизмат вақтида товламачилик, фирибгарлик, мулкни ўзлаштириш, фитна қилиш, хушомадгўйлик, совға олиш ва бериш, қариндошчилик, лоббизм фаолиятлари ҳам киради.
Юқорида келтирилган коррупция турлари ичига «таниш-билишчилик», «ака-укачилик»ни киритиш муҳим. Чунки жамиятимизда «ака-укачилик» ва хизмат вазифаси ўртасида танлов пайдо бўлган ҳолларда кўпчилик «ака-укачилик» томон оғишиб кетиши ҳеч кимга сир эмас.
Кундалик турмушда кўп учрайдиган қуйидаги ҳолатларнинг барини коррупция сифатида баҳолаш мумкин:
- давлат ишчиси танишининг ишини тезлаштириб бериши ва эвазига пул олмаслиги (чунки навбатда турган бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилади ёки улар кундалик қилиши керак бўлган ишни ташлаб бошқа иш билан шуғулланади);
- давлат ишчиси қоидани бузиб ЙПХ ҳодимига ўз иш жойи тўғрисидаги маълумотномани кўрсатиб йўлида давом этиши (чунки қонун ҳамма учун бир бўлиши керак ва ҳеч бир мансабдор қонундан баланд турмаслиги лозим);
- давлат хизмат машинасини ўз оила аъзоларининг эҳтиёжи учун ишлатиши (чунки у машина солиқ тушумлари ҳисобига олинган ва мансабдорнинг шахсий эмас, хизмат ишларида фойдаланиши учун берилган).
Афсуски, бундай ҳолатлар кундалик ҳаётимизда кўп учрайди. Халқаро рейтингларимиз ҳам коррупцияга қарши курашиш йўлида анча иш қилишимиз кераклигини кўрсатади.
Ўзбекистоннинг халқаро коррупция рейтингларидаги ҳолати
Коррупция ривожланиш «машина»си ғилдиракларини мойлайдими ёки лойлайдими?
ХХ асрнинг иккинчи ярмида кам ривожланган давлатларда коррупция жамиятнинг ривожланиши учун яхши, деган фикр кенг тарқалган (Лэфф, 1964; Ҳантингтон, 1968; Луи, 1985). Чунки бу давлатларда қонунлар тўғри ишлаб чиқилмаган, мансабдор шахслар лавозимига тушунарсиз усулларда тайинланган. Бундай ҳолатда одамларнинг бизнесни ривожлантириш ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш учун пора беришдан бошқа иложи қолмайди.
Лекин ХХI асрга келиб кўпчилик олимлар коррупциянинг фойдаларидан кўра зарарлари кўплигини тан олишди. Унинг устига коррупция ҳолатини яхши дейиш аслида давлат секторини яхшилаш, ривожлантириш вазифаси кейинга сурилишига олиб келди.
Жумладан, иқтисодий соҳада коррупциянинг мавжудлиги қуйидаги жараёнларга доимий равишда салбий таъсир ўтказади:
- давлат маблағлари ва ресурсларининг самарасиз тақсимланиши ва сарфланишига,
- бизнесни юритишда вақт ва моддий харажатларнинг ошишига,
- нархларнинг ўсишига,
- рақобат муҳити ёмонлашиши ва ҳамма учун ўйин қоидаларининг бир хил бўлмаслигига,
- хуфиёна иқтисодиёт ўсиши ва солиқ тушумларининг камайишига,
- инвестицион муҳит ёмонлашишига, инвестициялар камайиши ва умуман мамлакат иқтисодиёти самарадорлигининг пасайишига олиб келади.
Коррупция икки турга бўлинади: йирик ва майда
Йирик коррупция деганда, амалдаги давлат сиёсатини йўққа чиқарадиган, ҳукумат даражасида амалга ошириладиган сиёсий ва ҳукумат раҳбарларига халқ ҳисобидан манфаат кўришга имкон берадиган ҳаракатлар тушунилади.
Майда коррупция деганда, одатда ҳокимиятнинг қуйи ва ўрта бўғинлари мансабдорларининг кундалик ваколатларини (шифохоналар, мактаблар, милиция бўлимлари ва бошқа жойларда асосий хизматлардан фойдаланишга уринган оддий фуқаролар билан алоқа қилишда) суиистеъмол қилишлари тушунилади.
Йирик коррупциядан бутун халқ зарар кўради, майда коррупциядан ўша минтақа ёки соҳадагилар азият чекади.
Коррупцияни енгса бўладими? Бўлади, лекин анча ишлаш керак
Одамлар рационал қарор қабул қилади, яъни ҳар доим фойда ва зарарни ўлчаб ҳаракат қилади, деб фараз қилайлик. Коррупциянинг пора олувчи учун фойдаси нима? Бу – хизмат вазифасидан олаётган маоши ва пора миқдори. Коррупциянинг пора олувчи учун зарари нима? Бу – қонуний жазо ва коррупция ҳолатини биров билиб қолиш эҳтимоли борлиги.
Демак, коррупцияни камайтириш учун ундан фойдани камайтириб зарарни кўпайтириш керак. Бунинг учун қуйидаги ишларни бажариш кифоя:
- қонуний жазони кучайтириш ва унинг муқаррарлигини таъминлаш;
- коррупция ҳолатлари ва келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш бўйича алоҳида текширувларни кучайтириш;
- ишчи маошини ошириш.
Лекин Ўзбекистондаги ҳолатнинг ўзига хос жиҳатлари бор.
Биринчидан, қонуний жазо ва текширувларни кучайтиришдан олдин, қонун устуворлигини таъминлаш керак бўлади. Оддий савол: нега бизда йўл-патрул хизмати ходими (ГАИ) бор? Вазифаси нима? Йўл қоидаларига амал қилинишини таъминлаш, тўғрими? Масалан, Японияда ЙПХ йўқ. Одамлар табиий равишда йўл қоидаларига амал қилиб яшайди. Бизда эса ҳар бир светофор олдида ЙПХ ходими, буниси етмагандек, ҳар бир ЙПХ ходимининг устига яна битта қўриқчи – бодикамера. Бу нимадан далолат қилади? Бу жамиятда қонунга амал қилиш деган тушунчанинг, амалиётнинг йўқ бўлиб кетганини билдирмайдими?
Дунё тажрибасида ўзаро ишонч, давлатнинг халққа, халқнинг давлатга ишончи – «социал капитал» – ҳозирги кунда ривожланишнинг асоси сифатида кўрилаётган бир пайтда, қонун устуворлигини таъминлаш жуда муҳим. Ўзбекистон аслан бой давлат эмас, боз устига фуқароларнинг қонун-қоидага амал қилишини таъминлаш учун анча пул сарфланади. Европанинг кўп давлатларида метро бекатига кираверишда назоратчи йўқ, одамлар ўзи чиптани сотиб олиб, бекатга тушиб кетади, айрим дўконларда кассир йўқ, одамлар ўзи билиб пулини тўлаб кетади. Ўша назоратчи ва кассирга кетадиган пулни жамият учун фойдалироқ бошқа мақсадларга сарфлаш ҳам мумкин. Масалан, баъзи давлатларда олий таълим бепул қилинган.
Демак, биз ишни биринчи навбатда ўзимизни ва болаларимизни тўғри тарбиялаш, қонунларга амал қилиб яшашни ўргатишдан бошлашимиз керак. Мактабда ёшларга қонунга амал қилиб яшаш ўзлари учун яхшилигини тушунтиришимиз керак. Шунда анча пул ва вақтни тежаймиз. Коррупция балосидан бир қадар қутуламиз.
Иккинчидан, давлат хизматчилари маошини ошириш масаласига келадиган бўлсак, бунинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин. Негаки, бир пайтнинг ўзида уларнинг обрў ва масъулиятини ҳам ошириш шарт ва зарур.
Албатта, аксинча давлатнинг аралашувини чеклаб ташлаш керак дейдиганлар ҳам топилади. Чунки бозор талаб ва таклиф механизмининг ўзи кишилар ҳаётини фаровонлик чўққисига чиқаришга хизмат қилади деган тушунча бор ва бу қайсидир маънода тўғри. Лекин, бунинг учун баъзи шартлар бажарилиши керак. Масалан, маҳсулот ишлаб чиқараётган хусусий сектор атроф-муҳитга салбий таъсирни инобатга олмайди ва бу маҳсулот таннархига киритилмайди. Давлат эса буни сезган ҳолда экологияни ифлослаётган фирмаларга солиқ солади ва йиғимни бевосита атроф-муҳитни яхшилашга сарфлайди. Бунга ўхшаган давлат аралашуви муҳим бўлган соҳалар бир нечта. Шу жиҳатдан давлатнинг ҳам жамият ҳаётида ўзига хос ўрни бор.
Шу билан бирга, давлат солиқларни йиғиб олиб, пулларни тўғри сарфлаяптими, деган савол пайдо бўлади. Ўз даромадининг бир қисмини давлатга топшираётган фуқаро пуллари мансабдор ва унинг ҳамфикр таниш-билишларининг чўнтагини тўлдиришга хизмат қилаётганини сезиб қолса, табиийки, солиқ тўлашдан тийилади, даромадини яширади, натижада бозор механизми ҳал қила олмайдиган муаммолар кўпайгандан кўпаяверади.
Бу шароитда бирдан бир ечим давлат хизматчиларини ҳам обрўйини ошириш, чунки сифатли кадрларни бошқа ҳолатда жалб қилиш қийин, ҳам масъулияти ва жавобгарлигини кўтариб қўйиш. Масалан, бугунги кунда жуда тез ривожланиб бораётган Хитойда давлат хизматчиси энг ҳурмат қилинадиган одамлар тоифасига киради.
Шу билан бирга, давлат ишига имтиҳон билан қабул қилишнинг очиқ тизимини шакллантириш керак. Масалан, Жанубий Кореяда давлат ташкилотига ишчилар имтиҳон қилиб олинади ва юқорироқ лавозимга ўтиш учун ҳам имтиҳондан ўтиш керак бўлади.
Демак, давлат фаолиятини самарали йўлга қўйиш муҳим. Шундай экан, давлат хизматини ташкил этишда ўз шаффоф қонун-қоидаларини яратишимиз ва бунинг бажарилиши устидан назорат қилиб боришимиз керак.
Учинчидан, коррупцияни тўлиқ эмас, қисман чеклаб туриш мақсадида давлат хизматлар кўрсатиш тизимини рақамлаштириш керак. Масалан, Сингапурда аҳолининг давлат ишчиси билан юзма-юз кўришиши танқид остига олинади. Мурожаатчининг сўрови онлайн тарзда амалга оширилиши керак. Тўғри, Сингапур бунга 40-50 йил давомида етиб келган. Сингапурнинг ҳозирги институционал шароитида бундай механизмни қўллаш бу мамлакат учун самарали. Бизнинг ҳолат эса Сингапурникидан анча фарқ қилади. Биринчиси, технологик аҳволимиз, айниқса вилоятларда, интернет, компьютер билан таъминланганлик, одамларнинг интернетни тушуниши Сингапурникидан анча пастлиги сир эмас. Унинг устига, онлайн марожаат қилинишини назорат қиладиган яна «қўриқчи» керак бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.
Янги тизимни ўргатиш, оммалаштириш анча қийин, чунки одамлар исталмаган нарсани қилмайди. Шунга қарамай, анча вақт тежалишини ҳисобга олиб Давлат хизматлари агентлиги тажрибасидан кенг фойдаланиб, ушбу таклифни жиддий ўрганиш керак, барибир уриниб кўрган маъқул.
Ушбу мақола @eresearch_iqtisodiyot Telegram-канали муаллифи томонидан Kun.uz учун эксклюзив тақдим этилган.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
17:16 / 17.12.2024
Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
15:17 / 17.12.2024