Ўзбекистон | 18:28 / 13.01.2021
5650
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё ҳавзасининг экологик ҳолати назорати учун дронлардан фойдаланиш бошланди

Сирдарё дарёси сувини муҳофаза қилиш, унинг ҳудудида чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш мақсадида дронлардан фойдаланиш бошланди. Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz’га шу ҳақда хабар берди.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 11-12 январ кунлари Сирдарё дарёсида илк марта замонавий технологиялардан фойдаланилган ҳолда камера билан жиҳозланган дронлар орқали рейд тадбирлари ўтказилган.

«Сирдарё дарёси ўзанини тест режимда ўрганиш натижасида сув муҳофазаси талабларининг бузилиши, сув объектларини оқова сувлар билан ифлослантириш, сув муҳофазаси ҳудудида чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлиқ салбий ҳолатлар аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан чоралар кўрилди. 

Шунингдек, рейд давомида қум шағал қазиб олиш ишлари белгиланган участка доирасидан ташқарида – белгиланмаган жойлардан, ўзан қолиб, қирғоқ қисмидан қазиш ишлари олиб борилган ҳолатлар ҳам аниқланди. Бу эса, ўз навбатида, қирғоқлар эрозиясини келтириб чиқариши тайин.

Ўзан тозалаш ишлари исталган параметрларда амалга оширилиши натижасида дарё ўзани рельефи табиий ландшафти кескин бузилган, ер ости сувлари очилиб юзага қалқиб чиққан ва оқимсиз кўлмаклар ҳосил бўлган участкалар ҳам борлиги кўнгилни хира қилди, афсус.

Ҳар бир кон ажратмасига эга корхона ўз ҳудуди чегараси доирасида уни қўриқлаши, муҳофаза қилиши лозим. Афсуски, бунга фақат экология инспекторлари жавобгардек, гўё», – дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, рейд давомида сувни муҳофаза қилиш ҳудудларига оғир юк ташувчи техникалар томонидан турли чиқиндилар, айниқса қурилиш чиқиндиларини тўкиб кетиш, сувларни ифлослантириш ҳолатлари ҳам аниқланган. Шу боисдан, қўмита барча ташкилотларни биргаликда ҳамкорлик қилишга чақирган.

Мавзуга оид