Жаҳон | 23:23 / 14.01.2021
6450
1 дақиқада ўқилади

Туркиядаги қурғоқчилик йирик шаҳарларнинг сувсиз қолиши билан хавф солмоқда 

Туркияда охирги ўн йилликдаги энг кучли қурғоқчилик сабабли мамлакатнинг йирик шаҳарлари яқин ҳафталар ичида сув таъминотисиз қолиши мумкин. Жумладан, Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулни сув билан таъминловчи сув омборларида 45 кунга етадиган сув қолган. 

Фото: Anadolu Agency/Getty Images

The Guardian нашрининг туркиялик мутахассислар маълумотларига таяниб хабар беришича, Истанбулни сув билан таъминловчи сув омборларида тахминан 138 млн кубметр сув қолган ва бу миқдор бор-йўғи 45 кунга етади. 

Шунингдек, Измир ва Бурсани таъминловчи сув омборлари мос равишда 36 ва 24 фоизгагина тўлган. Туркия пойтахти Анқарада эса 110 кунга етадиган сув қолган. 

Қурғоқчиликка 2020 йилнинг иккинчи ярмида ёғингарчиликнинг рекорд даражада камайиб кетиши олиб келган. Мисол учун, ноябрда бир йил аввалгидагидан 50 фоиз камроқ ёмғир ёғган. Бундан ташқари, мутахассислар жорий вазиятга олиб келган сабаблар сифатида ўрмонлар кесилиши ва яшил ҳудудларнинг камайиши, аҳоли кўпайиши, саноатлаштириш, иқлим ўзгаришини айтишмоқда. 1980-йиллардан бери ушбу сабабларга кўра Туркияда бир нечта катта кўламли қурғоқчиликлар юз берган.

Мутахассислар шаҳарлар маъмуриятларига аҳоли учун сув меъёрлари киритиш масаласини тезроқ кўриб чиқишни тавсия қилишмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид