Ўзбекистон | 22:16 / 18.01.2021
21995
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолият концепцияси ўзгариши мумкин

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2021 йил давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятидаги асосий ҳужжатни ўзгартириш таклифи билдирилган. Амалдаги концепция эса очиқ манбаларда учрамайди.

Фото: Рамиз Бахтияров

Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини изчил амалга ошириш ҳамда белгиланган стратегик режаларнинг жадал ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 1 декабрига қадар ташқи сиёсий фаолият концепциясини такомиллаштириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда жорий йилги давлат дастури лойиҳасида маълумот берилган.

Дастурдаги мазкур таклиф президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил декабрдаги Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидан келиб чиқади. Унда, давлат раҳбари «давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилади», деган эди.

Миллий қонунчилик базаси бўлмиш Lex.uz сайтида 2012 йилда қабул қилинган ушбу қонуннинг тўлиқ матни мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг Олий Мажлиснинг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ўша йил 29 декабрдаги қарорида «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни давлат ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва стратегик устувор йўналишларини, халқаро майдондаги мақсад ҳамда вазифаларни, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суриш механизмларини белгилаб берадиган қарашларнинг яхлит тизимини ўрнатади», деган маълумот берилган.

Аммо «қонун» сўзига қўйилган ҳавола «404 хато» саҳифага олиб боради.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилингани тўғрисида эълон қилинган хабарда «ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллашиши барқарор ички ривожланиш учун қулай ташқи муҳит шакллантиришни тезлаштириш, халқаро майдонда мамлакатимиз манфаатини самарали илгари суриш ва жаҳон бозорида миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини изчил равишда оширишга хизмат қилиши таъкидланганлиги» маълум қилинган.

Очиқ манбаларда индексланувчи журналлардан бирида чоп этилган илмий мақолага кўра, «Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти концепцияси қуйидаги тамал тамойиллардан иборат: 

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларига, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги ҳарбий можароларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди;

Учинчидан, Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасининг конституциясига, «Мудофаа тўғрисида»ги қонунига ва Ҳарбий доктринасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди».

Ушбу хабарлар россиялик расмийлардан бирининг Ўзбекистон Москва бошлиқ Евросиё иқтисодий иттифоқига киришига кўмак кўрсатиши тўғрисидаги вақти-вақти билан пайдо бўлувчи баёнотлар атрофида янграган.

Шунингдек, давлат дастури лойиҳасида 2021 йили Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрлари, уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириши билдирилган.

Забихулла Саипов

Мавзуга оид