Ўзбекистон | 14:32 / 18.01.2021
3190
3 дақиқада ўқилади

Расман: Ўзбекистон 3 йиллик синовдан сўнг Халқаро таққослаш дастурига қўшилмоқда

«Халқаро таққослаш дастури – 2021» глобал тадбирида 2021 йил январидан бошлаб Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда. Дастурда кўзда тутилган ишларни тўлиқ ҳажмда бажариш учун 3 йил вақт талаб этилиши ҳисобига тадбирга тайёргарлик ҳаракатлари 2019 йилда бошланган эди.

Давлат статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегаловнинг «Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган мақоласида маълум қилинишича, мамлакатимиз мазкур тадбирда биринчи марта қатнашмоқда.

Дастур доирасида Африка, Осиё, Мустақил давлат ҳамдўстлиги, Европа, Америка ва Ғарбий Осиё мамлакатлари 6 та гуруҳга бўлинади. Ўзбекистон  МДҲ давлатлари гуруҳига киритилган бўлиб, республиканинг ХТД глобал дастуридаги иштироки бўйича тадбирлар МДҲ Статистика қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

«Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳар чоракда 2 минг 211 турдаги товарлар ва хизматлар, шу жумладан, 1 минг 39 турдаги озиқ-­овқат маҳсулотлари ва 462 турдаги хизматлар нархларини ўрганиш юзасидан кузатувлар ўтказилади.

Тўпланган нарх маълумотлари МДҲ Статистика қўмитасига харид қилиш қобилияти паритетини ҳисоблаш учун тақдим этиб борилади. Умуман олганда, сўнгги уч йил давомида амалга ошириб келинаётган тайёргарлик ишлари Давлат статистика қўмитаси мутахассислари учун муҳим амалий тажриба орттириш имконини берди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизнинг «Халқаро таққослаш дастури – 2021» глобал тадбирида муносиб иштирок этиши учун замин яратади.

Халқаро таққослаш натижаларидан мамлакатларнинг умумий иқтисодий ривожланиш даражасини ва халқларнинг турмуш фаровонлигини баҳолаш, миллий иқтисодиёт самарадорлиги ва салоҳиятини аниқлаш ҳамда таққослаш, мамлакатларнинг молиявий имкониятларини таҳлил қилиш, уларга халқаро ёрдам бериш бўйича қарорлар қабул қилиш каби ишларда қўл келади», – дейилади мақолада.

Маълумот учун, «Халқаро таққослаш дастури» — дунёнинг деярли барча давлатлари статистика идоралари иштирок этадиган халқаро статистик дастур бўлиб, унинг доирасида валюталар харид қобилияти паритети, ЯИМ ва унинг таркибий қисмларини халқаро даражада ва мамлакатлараро таққослаш ишлари амалга оширилади.

Дастурда кўзда тутилган ишларни тўлиқ ҳажмда бажариш учун одатда 3 йил вақт талаб этилади ва у «таққослашлар цикли» деб аталади.

Ўзбекистоннинг мазкур тадбирдаги иштироки учун тайёргарликлар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарорига мувофиқ бошланган. 2017-­2019 йиллар давомида республика «ХТД — 2017» босқичида экспериментал тартибда қатнашган.

 

Мавзуга оид