Қурбонларнинг 31 нафари Наманган, 16 нафари Фарғона, 2 нафари Андижон, 1 нафари Сурхондарё вилояти, 2 нафари Тошкент шаҳрида яшашган.

Уларнинг энг кичиги 18, энг каттаси 50 ёшда эди. Тириклайин ёниб кетгани айтилган Ақтўбе қурбонлари орасида 47 ёшдаги ота ва унинг 20 яшар ўғли, 31 ва 26, 23 ва 21 ёшдаги ака-укалар, амаки-жиянлар ҳам бўлган.

Чимкент–Самара трассасида содир бўлган фожиа иштирокчилари Ўзбекистондан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олган бўлиб, кимдир уйланиш, кимдир уй қуриш, машина олиш учун пул топишни ният қилишган эди.

Уларнинг орасида 23 ва 37 ёшдаги икки тошкентлик йигит ҳам бўлиб, бири Россияда қолиб кетган отасини қайтариш учун, иккинчиси эса уй-жойини тиклаш мақсадида сафарга отланганди.

Муҳиддинжон Умаржонов

Санобар Умаржонова (Муҳиддинжон Умаржоновнинг онаси):

– Ўғлим 24 ёшда эди. Касби ошпаз эди. Кунига 25 минг сўмга ишларди. Фожиадан кейин: «Хорижда нима бор эди, шу ерда ишлашса бўлмасмиди», деб ҳамма гапирди. Лекин ўғлим Россияга ишлашга кетмаганди.

Гап шундаки, хўжайиним ишлашга Уфа шаҳрига кетиб, қайтиб келмаган. Шу ёқда бошқа турмуш қурган. Қиз фарзандли бўлган. Мен бу ёқда икки ўғил билан қолиб кетдим. Рўй берган ишлар соғлиғимга қаттиқ таъсир қилди, ётиб қолдим.

Аммо оиламдаги гапни кўчага олиб чиққан аёл эмасман. Ҳатто жигарларим, уйимдагиларга айтмаганман эрим бошқага уйланиб олганини. Фарзандларимга-ку умуман билдирмаганман. Ўшандан кейин беш йил гаплашмай кетган бўлсак-да, ҳар замонда қўнғироқ қилиб қолганида ҳеч нарса бўлмагандай сўрашиб, «Дадангиз сизларни сўраяпти» деб телефонни болаларимга бериб қўярдим. Оиламизда отанинг шаъни, ўрнига ҳеч қачон доғ туширмаганман.

Эрим Россиядан 100, 50, гоҳида 30 доллар юбориб турарди. Бироқ бу икки ўғилни едириб-ичириш, менинг дори-дармонларимга етмасди. Шу сабабли каттам кун бўйи, кичкинам дарсдан кейин ишларди. Бу ерда топиш-тутиш камлигидан ўғлим устози билан қўшилиб Қозоғистонга ишлашга кетди. Ўша ерда яхши ишлаб келди. Иккинчи сафар кетганида Россиядаги ўртоқлари отасининг уйланганини айтиб қўйишибди.

Эрим Россияга кетишидан олдин бир хонали уйимизни сотиб, тўрт хонали уйга кўчиб ўтгандик. Хўжайиним уйнинг пулини берганини айтганди. Кейин билсак, у уй шунчаки эримнинг номига олинган, аслида бировнинг уйи экан. Уйимизнинг пулини ўзи билан олиб кетган экан. Уй эгаси 2017 йилнинг декабрида – янги йил арафаси қўнғироқ қилиб, 8 йил яшадинглар, ё уйни бўшатинглар, ё пулини беринглар деб айтганда мазам бўлмай қолди. Йиғлаб ўтирганимда ўғлим Қозоғистондан телефон қилиб қолганди, алам устида бу гапни айтиб қўйибман-да.