19:49 / 20.01.2021
8865

Энергетика вазирлиги Янги Ангрен ИЭСдаги портлаш юзасидан расмий маълумот берди

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Янги Ангрен ИЭСда юз берган портлаш оқибатида вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.

«Бугун, 2021 йил 20 январ куни соат тахминан 11:42да Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг қозон агрегатида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.

19 январ куни Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг 5-сон энергоблоки қозон агрегатидаги нуқсон туфайли таъмирга чиқарилган. Бугун электр станция 560 МВт қувват билан ишлаган. 4та энергоблок ишда, битта энергоблок захирада бўлган.

20 январ куни «Востокэнерготеплоизоляция» АЖ ва «Энергоқозонтозалаш» МЧЖнинг таъмирлаш ишларини бажарадиган пудрат ташкилотлари ишни хавфсиз бажариш учун йўриқнома ўтказилиб ишга қўйилган.

Энергоблок қозон агрегатида таъмир ишларини бажариш вақтида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Натижада «Востокэнерготеплоизоляция» АЖнинг 3 нафар ходими олинган жароҳатлар натижасида вафот этган, «Энергоқозонтозалаш» МЧЖнинг 3 нафар ходими турли даражадаги куйиш жароҳатлари олишган. Айни пайтда улар шифохонада шифокорлар назорати остида, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги раҳбарияти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа тегишли идора вакиллари «Янги-Ангрен» иссиқлик электр станциясига зудлик билан етиб боришган.

Ҳозирда тегишли тергов орган ходимлари томонидан ҳодисанинг асосий сабаблари ўрганилмоқда. Ҳодиса сабаблари тўғрисида расмий маълумотлар батафсил берилади.

Пудрат ташкилотлари ва касаба уюшма қўмиталари раҳбарияти томонидан вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Ижтимоий тармоқларда архив характеридаги видеолар тарқатилган бўлиб, бу бугунги воқеаларга алоқадор эмаслигини билдирамиз», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура Янги-Ангрен ИЭСдаги портлаш юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилганди.

Top