Жаҳон | 21:27 / 20.01.2021
9877
1 дақиқада ўқилади

Эрон президенти Трампнинг сиёсатчи сифатида “ўлганини” айтди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 20 январда ўз лавозимини тарк этган Дональд Трамп сиёсатчи сифатида “ўлгани”ни айтди. 

Фото: AFP

“Трамп ўлди, унинг сиёсий ҳаёти якунланди”, деб айтган Руҳоний ҳукумат йиғилишида.

“АҚШнинг сиёсий яккаланиши – бу Трамп қолдирган меросдир. АҚШ ўз сиёсатида ёлғиз қолди”, деб қўшимча қилган Эрон президенти.

Руҳоний Трампни золим деб атаб, унинг ўз лавозимидан кетишини Тангри инояти деб атаган.

Руҳоний Эрон АҚШнинг янги президенти Жо Байден томонидан тегишли ҳаракатлар амалга оширилса, ядро келишувини бажаришга қайтишини таъкидлаб ўтган.  

19 январда Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон Трампни АҚШ тарихидаги энг ёмон президент деб атаган. Шундай фикрни 1173 респондент орасида 11-13 январ кунлари ўтказилган сўровномада деярли 50 фоиз америкалик билдирган.

АҚШ Дональд Трамп бошқаруви вақтида Эрон билан тузилган ядро келишувидан чиқиб кетганди. Шунингдек, Трампнинг бевосита буйруғи билан эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилганди.

Мавзуга оид