17:49 / 20.01.2021
8043

«Тўғри тушунтирилаётган» ечимсиз муаммолар. Узуннинг «Обизаранг» маҳалласидагилар тўрт йилдан бери идорама-идора сарсон

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида жойлашган «Обизаранг» маҳалласида яшовчи фуқаролар Kun.uz сайтига мурожаат қилиб, ҳудуддаги муаммоларни баён этишди. Таҳририят мухбирлари масалани ўрганиш учун маҳаллада бўлиб, у ерда истиқомат қилувчиларни тинглади.

«Обизаранг» маҳалласи Узун туман марказидан унчалик ҳам узоқ эмас экан. Аммо маҳалланинг баъзи жойларида аҳвол ачинарли.

Хусусан, Садриддин Айний кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар ичимлик сувини бир километрдан, лой кўчадан ташиб келишмоқда. Бу қишнинг қаҳратон кунларида ҳақиқий азобга айланган.

Электр энергияси таъминоти ҳам талаб даражасида эмас. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган маҳалла вакиллари электр токи уйдаги «лампочка»ни помидордек қизартириб туришга етишини айтишди.

Улар электр энергиясида тез-тез чекловлар бўлиб туришини айтишди. Маҳалладаги трансформатор собиқ совет тузуми даврида ўрнатилган бўлиб, 100та хўжаликни электр энергия билан таъминлашга мўлжалланган. Аммо бугунги кунга келиб маҳалла катталашиб, унда истиқомат қилувчилар сони 300та хўжаликка етган. Аммо шу пайтга қадар трансформатор нимстанцияси қуввати каттароғига алмаштирилмаган.

Авваллари бир хонадонда битта телевизор, битта лампочка, битта дазмол бўларди. Ҳозир баъзи хонадонларда 10 турдан ошиқ маиший техникалар ишлатилмоқда. Шунга яраша электр энергияси истеъмоли ҳам ошиб боряпти. Аммо мазкур маҳаллада бирор ўзгариш, янгиланиш амалга оширилгани йўқ.

Болалар лой кўча оралаб қўшни маҳалладаги мактабга қатнайди. Чироқ хиралиги сабаб дарсларни ўз вақтида бажара олишмайди.

Ишсиз фуқаролар кўп. Россия томон йўл карантин боис ёпилиб қолгач, ҳудуд ёшлари асосий даромад манбайидан узилиб қолишган. Ачинарлиси, туманда аҳолини қамраб олиш учун етарли иш ўринлари йўқ.

«Биз бекорчи, дангаса эмасмиз. Иш ўринлари бўлса, ишлаб рўзғоримизни ўтказсак, шунинг ўзи етарли. Баъзи танишларимиз ҳайдовчилик гувоҳномасига «Е» тоифасини олиб, халқаро юк машиналари орқали Россияга етиб олишди. Бунинг учун 1000-2000 доллар пул сарфлашди. Аммо бизда бунча пул йўқ. Раҳбарлар юртимизда яшашимиз учун озгина бўлса ҳам даромад манбайини яратиб беришлари керак», дейишди маҳалла вакиллари.

Кўчанинг бошидан газ қувури ўтган. Фуқаролар газ қувурига уланиш учун тўрт йилдан буён идорама-идора югуришади. Аризалар ёзишади. Аммо натижа йўқ.

Kun.uz мухбири муаммони ўрганишга борганда ўзини «Узун тумангаз» таъминоти бўлими мулозими ва туман кенгаши депутати деб таништирган Каримжон Абдуллаев Нодира Назарованинг аризасини ўрганиш учун келди.

Ўзаро суҳбатда Каримжон Абдуллаев туманнинг 2021 йилга мўлжалланган манзилли дастури тасдиқлаб бўлингани сабабли «Обизаранг» маҳалласи Садриддин Айний кўчасидаги хонадонларни газлаштириш имкони йўқлигини тушунтирди. Фуқаролар 4 йилдан буён аризаларига шу мазмундаги жавоб олишаётганини билдиргач, Каримжон Абдуллаев «Менинг ишим масалани сизга тушунтириш», — дея суҳбатга якун ясади.

Халқ тилида «Тўғри тушунтириб юбордим», — деган ибора бор. Бу «Масалани ҳал этмасам-да, аризани ёпиб, юқорига жавоб ёзишимга етарли асосни олдим, бўлди», — деган маънони билдиради. Бугунги кунда аризалар кўпайгандан кўпаймоқда. Тўғри тушунтириш ишлари эса вилоят миқёсида эпидемиядек оммавий тус олди.

Раҳбарият тўғри тушунтириш ишларини олиб бориш ўрнига масалани ҳал этишни ўрганишганда эди, халқнинг ҳаёти бугунгидан анча яхшиланган бўларди.

Сирожиддин Мамажонов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top