Сурхондарёда тергов ва суд органларининг кучи икки болани вояга етказаётган ёлғиз аёлга етган кўринади - оиланинг ягона боқувчисига қўлланган адолатсиз ҳукм сабаб уч жон ночор аҳволга тушиб қолган. Гап шундаки, Узун туман ободонлаштириш бўлими қабристон назоратчисининг айби учун кадрлар бўйича мутахассис жазоланди. Ҳуқуқ ҳимоячиси бу борада шундай дейди: «асл ўғри-коррупционерларни кечириб, жамиятдаги заиф қатлам бўлган аёлларга нисбатан бу муносабатни давлат сиёсатига саботаж дейиш мумкин».
Узун туманида оддий бир текширув ортидан бошланган жараён боқувчисиз бир оиланинг хонавайрон бўлиши билан давом этяпти. Энг ажабланарлиси: бир ходим иш даврида Термиздаги диний мактабда ўқиган ва буни ташкилотдан бекитган. Жавобгарлик ва жазо эса кадрлар бўлими мутахассиси — Ирода Шарипова зиммасига юкланган. Биз билан боғланган аёл ўзига нисбатан чиқарилган суд қарори оиланинг шундоқ ҳам енгил бўлмаган ҳаётини баттар боши берк кўчага тиққанини, бунинг жабрини икки боласи ҳам тортаётганини айтди.
“2025 йил 25 октябр куни Қизириқ туман суди томонидан менга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 1-қисми, 228-модданинг 1-қисми билан айбли деб топилиб, 45-моддани қўллаб 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлашдан маҳрум қилиниб, иш ҳақимнинг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 9 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Бунинг сабаби эса Узун тумани қабристон назоратчиси вазифасида ишлаб келган Абубакр Ҳотамов исмли ходим 2022 йил сентябрдан 2025 йил апрелигача ўз хизмат фаолиятида ишлаб турган ҳолда қўшимча равишда Термиз шаҳридаги Имом Термизий номли ўрта махсус касб-ҳунар диний мактабида таълим олиб келган, бундан раҳбариятни хабардор қилмаган”, - дейди Ирода Шарипова.
Тумандаги ободонлаштириш бўлимида 200 га яқин ходим ишлайди. Айнан Ҳотамов ишлаган ҳудуд Иродадан 35-40 км узоқда, уни ҳар куни назорат қилишга имкон йўқ ва у бўлим бошлиқлари берган ҳисоботга кўра иш ҳақи ёзган. Ишга гувоҳ сифатида жалб этилган Абубакр Ҳотамов ҳам Шарипованинг айби йўқлигини айтган.
Ёмоннинг кучи япалоққами?
Абубакр Ҳотамов жиноят ишига гувоҳ сифатида жалб қилинган ва Шарипованинг бу ишлардан мутлақо бехабар эканлигини айтган:
“Узун тумани Ободонлаштириш бошқармасида қабристон назоратчиси лавозимида ишлаб, ўзимга бириктирилган 11 та қабристонлар тозалигини, ўлим дафтарларини, қабристон ишчиларининг ишга келиб-кетишларини назорат қилганман.















