18:11 / 21.01.2021
3789

Можароли битимлар, ажрашиш ва ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар – 2020 йил фуқаролик судларида 291 мингта иш кўриб чиқилди

2020 йил мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 291 182 та иш кўриб чиқилган ва 194,7 млрд. сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 96 584 та суд буйруғи чиқарилган.

Олий суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармасининг маълум қилишича, кўриб чиқилган 194 598 та даъво тартибидаги фуқаролик ишларининг:

  • 140 386 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган;
  • 24 054 таси бўйича талабларни қаноатлантириш рад қилинган;
  • 22 836 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса;
  • 7 322 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Даъво тартибида кўриб тамомланган фуқаролик ишларидан:

  • 52 898 таси битимларга;
  • 39 466 таси никоҳдан ажратишга;
  • 20 244 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузишга;
  • 2 349 таси оталикни белгилашга оид ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишларнинг:

  • 20 139 тасида никоҳлар бекор қилинган;
  • 14 481 тасида никоҳларни бекор қилиш рад қилинган;
  • 2 842 таси кўрмасдан қолдирилган;
  • 2 004 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Шунингдек, 61 871 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиб, аҳоли билан 2 933 та учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилган.

Бундан ташқари, Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 550 та иш кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 279 та қарор бекор қилинди ва 48 та суд қарорлари ўзгартирилди.

Аввалроқ, 2020 йил Ўзбекистонда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 38 149 нафар шахсга нисбатан 30 284 та иш кўриб чиқилганини хабар берган эдик.

Top