Ўзбекистон | 23:48 / 21.01.2021
13717
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Бухородаги IT Park'ни бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Давлат хизматлари маркази ва IT Park'ни бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бу ерда «ягона дарча» тамойили асосида 130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Бинода Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхона, ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ҳам жойлашгани аҳолига қулайлик яратган. Кутиш залида китоблар жовони ташкил этилган.

Давлат раҳбари хизматлар нархини арзонлаштириш, узоқ маҳаллалар аҳолисига сайёр ва онлайн хизмат кўрсатиш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ҳам очилган. Молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, ахборот хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.

Бинонинг иккинчи қаватида IT Park'нинг Бухоро филиали жойлашган. Бу ерда ҳам ўқувчилар, ҳам талабалар, ҳам фрилансер ва дастурчилар учун зарур шароитлар яратилган. Болалар мактаб давридан ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилади, кейин ўқитилиб, лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатилади. Бу ерда ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб-дизайнерлар, профессионал дастурчилар йиғилган.

Президент бу соҳа мамлакат тараққиёти учун жуда муҳим эканини таъкидлади.

«Бухоро азалдан илм-фан маркази бўлган. Бугун ҳам билимли, интилувчан ёшлар кўп. Бухоронинг IT соҳаси бўйича брендини яратиш керак. Бунинг учун барча нарса – шароит, ресурс, интеллект бор», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари «Мандэй ЛАБС» корхонасига асос солган 25 ёшли Саидравшан Шокиров, халқаро IT компаниялар билан ҳамкорликда ишлаётган дастурчи Шаҳрулло Тухсанов ва бошқа ёшлар билан суҳбатлашди.

Долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ёш дастурчиларга буюртма бериш, маблағ, энергия ресурслари ва вақтни тежовчи дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

IT Park учун Bukhara City мажмуасида 9 ва 12 қаватли замонавий бинолар қурилмоқда. Мажмуада коворкинг маркази, офислар, меҳмонхона, ресторан ва спорт заллари бўлади. У ерда 700 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Мавзуга оид