2019 йил 13 апрелдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ишлаб чиқилди ва илк бор тажриба-синов тариқасида ўша йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятида жорий этилди. Тизим мувафаққиятли деб топилгач, 2020 йил сентябридан декабрига қадар бутун республикада йўлга қўйилди.
Ушбу масала юзасидан Kun.uz саволларига Молия вазирлиги департамент директори Нодир Муслиддинов жавоб берди. Қуйида вазирлик вакилининг жавоб ва мулоҳазалари соддалаштирилган кўринишда тақдим этилади.
«Техникани алдаб бўлмайди». Ижтимоий реестр аҳолига нима учун керак?
2020 йилга қадар ижтимоий нафақалар, яъни 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам маҳалаллар томонидан тайинланиб келинган. Бунда бир қатор муаммолар пайдо бўлган. Масалан, аризачидан даромадлари, мол-мулки, оила аъзолари ишлайдиган жойдан маълумотлар талаб қилинган. Бундан ташқари, мурожаатни кўриб чиқиш жараёни учун узоқ вақт сарфланган. Ариза ва маълумотларни кичик комиссия кўриб чиқар, у тахминан 5 кишилик эди. Ҳужжатлар нафақага тўғри келса, ушбу комиссия аризачининг уйига бориб, унинг моддий ва мулкий шароитини ўрганиб чиқарди. Бундай баҳолашда комиссиялар томонидан ҳар хил ёндашувлар ва инсон омили юқори бўлган. Бу эса коррупцион ҳолатлар ҳамда аҳолининг норозиликларига олиб келган.
Шуни бартараф этиш учун чет эл тажрибасини ўргандик. У ерда муҳтож оилаларни аниқлаш автоматлашган ва шаффоф механизмлар асосида аниқланаётганига гувоҳ бўлдик. Биз ҳам шу йўл – тўғри, деб хулоса қилдик. Чунки рақамлаштирилгандан кейин, техникани алдаб бўмайди, унга илтимос қилиб бўлмайди. «Бунга нафақа тайинлагин, бунисига тайинламагин», деб бўмайди.
2019 йилда ЮНИСЕФ ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан биргаликда «Ягона ижтимоий реестр»ни ишлаб чиқишни бошлаганмиз. Биринчи босқичда, тизимнинг молиявий харажатларини ЮНИСЕФ ўз зиммасига олди. Бизга ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ажратилган грант маблағлари ҳисобидан хорижий компания жалб этилди. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 308-қарорига асосан, бу тизим тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида илк маротаба фаолиятини бошлади ва яхши натижаларга эришилди.
Янги тизимнинг қандай афзалликлари бор?

Мазкур тизим бўйича фуқаро ҳеч қандай маълумотни йиғиши шарт эмас. Фақатгина ариза билан ўзи ва оила аъзоларининг паспорт нусхалари (никоҳ ва туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар) тақдим этилади. Аризани маҳаллага беради. Маҳалла аризани қабул қилувчи ва уни жамлаб пенсия жамғармасининг туман бўлимига тақдим этувчи орган вазифасини бажаради. Аризани қаноатлантириш ёки рад этиш бўйича ҳеч қанақа қарор қабул қилмайди.


















