Ўзбекистон | 19:24 / 25.01.2021
8656
3 дақиқада ўқилади

Мирзачўлда аҳоли эътирозига сабаб бўлган аммофос ишлаб чиқариш корхонасини кўчириш бўйича кўрсатма берилди

Kun.uz сайтида Мирзачўл тумани Ипак йўли маҳалласида аммофос ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона фаолиятига оид мақола эълон қилинганди. Мақолада ўғит корхонасидан тарқалаётган ҳид ва тутун аҳолини безовта қилаётгани айтилганди.

Мирзачўл туман ҳокимлиги ахборот хизмати Жиззах вилоят СЭО ва ЖСБ санитария гигиена лабораторияси ходимлари томонидан ҳудуднинг атмосфера ҳавосида заҳарли газ ва чанг миқдорини аниқлаш учун намуналар олинганини маълум қилмоқда.

«Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Ипак йўли ҚФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаати юзасидан жорий йилнинг 22 январ куни «Зилол булоқ» МЧЖга қарашли аммофос ишлаб чиқариш цехидан чиқаётган заҳарли газларнинг инсон организмига салбий таъсири вилоят СЭО ва ЖСБ ҳамда вилоят экология бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилди.

Ўрганиш натижасига кўра, «Зилол булоқ» МЧЖга қарашли ишлаб чиқариш цехи ва аҳоли орасидаги санитария ҳимоя зонаси санитар қоида ва меъёрларга 1000 метрни ташкил этмагани, яъни амалда 210-230 метрни ташкил этиши аниқланди.

Бугунги кунда аммофос ишлаб чиқариш цехи ишламаяпти.

Ўрганиш давомида Жиззах вилоят СЭО ва ЖСБ санитария гигиена лабораторияси ходимлари томонидан атмосфера ҳавосида заҳарли газ ва чанг миқдорини аниқлаш учун намуналар олинди.

Ўрганиш натижаси бўйича «Зилол булоқ» МЧЖ раҳбари Д.Қодировга Мирзачўл тумани СЭО ва ЖС бўлимининг 2021 йил 22 январдаги 120-сонли хати билан бир ой муддат ичида ишлаб чиқариш цехини бошқа жойга кўчириш ёки ушбу aҳоли яшаш пункти билан оралиқ масофани санитария қоидалари ва меъёр талаблари даражасига келтириш, шунингдек ушбу цехни бошқа мақсадда ишлатиш учун ўзгартириш бўйича кўрсатма берилди», — дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоят экология бошқармаси кимёвий ўғит цехи учун экоэкспертиза хулосаси олинмаганини маълум қилганди.

Мавзуга оид