21:26 / 26.01.2021
9463

Андижонда президент мактаби қуриш учун вилоятнинг бош матбуот уйи жойлашган ер танланди

2021 йилда Андижон шаҳрида Президент мактаби қурилади. Мактаб – айни пайтда шаҳар ҳокимлиги ва вилоят журналистларининг асосий иш жойи саналувчи биноларнинг ўрнида бўлади.

Айни пайтда бу бинода «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими, «Халқ сўзи» газетаси ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ҳудудий мухбирлари фаолият юритади.

Маълум бўлишича, бино Президент мактаби учун танлангани маълум бўлгач, андижонлик журналистларда биносиз қолиш хавотири пайдо бўлган.

Вилоят ҳокимлиги бу хавотир ўринсиз эканини билдириб, журналистлар учун замонавий бино қуриб берилишини билдирди.

«Таҳририят ходимлари ҳамда вилоят журналистларининг хавотирига ўрин йўқ. Таҳририят учун Андижон шаҳри марказида барча қулайлик ва шароитларга эга, замонавий бино қуриб битказилиб, таҳририят кўчириб ўтказилгандан сўнг қурилиш ишлари амалга оширилади», – дейилади ҳокимлик хабарида.

Маълумот учун, Андижон вилоятидаги 17 та газета ва журнал хусусийлаштирилиши мўлжал қилинган. Улар орасида «Андижоннома» газетаси ҳам бор. Газета 2000 нусхада чоп этилмоқда.

  • Ҳозирда Президент мактаблари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият юритмоқда.
  • 2021 йилда Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Андижон вилоятларида ҳам Президент мактаблари қурилиши режалаштирилган.
Top