20:52 / 26.01.2021
18852

Давлат солиқ қўмитаси онлайн назорат-касса машиналари масаласида муносабат билдирди

Давлат солиқ қўмитаси онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларга кафолатли хизмат кўрсатганлик учун ойлик тўловларнинг миқдори 2021 йил бошидан оширилганлиги юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан мунтазам равишда кескин норозилик ва шикоятлар келиб тушаётганини билдирди.

Техник хизмат кўрсатиш марказларига – мижозлар билан тузиладиган шартномаларда «Онлайн-НКМ ёки виртуал кассага кафолатли узлуксиз техник хизмат кўрсатиш» (абонент тўлови)га нималар кириши ҳамда «бир марталик хизматлар учун тўлов» нима эканлигини аниқ белгилаши ва конкретлаштириши тавсия этилади, дея муносабат билдирди Давлат солиқ қўмитаси.

Қўмита муносабатига кўра, ушбу турдаги тўловларни фарқлаш керак, бир хил хизмат учун икки марта тўловга йўл қўйилмайди. 

Тадбиркорлик субъектлари давлат реестрига киритилган исталган турдаги онлайн-НКМ ёки виртуал кассаларни мустақил сотиб олиши ва ушбу қурилмага хизмат кўрсатувчи ихтиёрий Техник хизматларни кўрсатиш маркази (ТХКМ) орқали давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Қурилмалар ва марказларнинг реестрлари ДСҚнинг расмий веб-сайтида мавжуд.

ТХКМлар томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган хизматлар нархи томонлар ўртасидаги ўзаро тузиладиган шартнома асосида белгиланади.

«Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектларига ёрдам бериш, шунингдек, ТХКМ ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига юқоридаги ҳолатни ўрганиш ва тегишли чораларни кўриш учун расмий сўров юборди.

Ишлаб чиқарувчилар (импортёрлар), шунингдек, техник хизмат кўрсатиш марказлари онлайн-НКМ ва виртуал касса фойдаланувчиларини барқарор ва адолатли нархлардаги хизматлар билан таъминлашлари лозим», – дейилади қўмита муносабатида.

Аввалроқ қўмита департаменти директори Ҳаётжон Насруллоев онлайн назорат касса машиналарини жорий этиш бўйича бажарилаётган ишлар юзасидан Kun.uz мухбирига қисқа интервью берганди.

Унда ҳам қўмита вакили техник хизмат кўрсатиш марказлари қайси турдаги хизматларни қанақа шаклда кўрсатиши, тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар учун сўралаётган тариф режалари нима асосида шаклланганига эътибор қаратилаётгани ҳақида маълумот берганди.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, ОНКМга хизмат кўрсатиш учун ойлик абонент тўлови нархи шаклланиши ва белгиланиши юзасидан қўмитага мурожаат келиб тушган. Ҳозирда мазкур масала ўрганилмоқда.

Top