23:20 / 26.01.2021
6275

Шерзод Шерматов: «Турар жой массивлари лойиҳаларида демографик ўсишни ҳисобга олиб мактаб қуриш эсдан чиқяпти»

26 январ куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилди.

Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов қурилаётган турар жой массивлари лойиҳаларида аҳоли кўчиб келиши ва ўсишини инобатга олиб уларнинг фарзандлари учун умумтаълим мактабларини қуриш эсдан чиқаётганини таъкидлади ҳамда бу бўйича Сенатга ўз таклифи билан чиқди», дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ҳудудларда қурилаётган турар жой массивлари лойиҳаларида аҳоли кўчиб келиши ва ўсишини инобатга олиб уларнинг фарзандлари учун умумтаълим мактабларини қуриш эсдан чиқяпти. Натижада ушбу массивлардаги хонадонларга кўчиб келган оилалар фарзандларининг таълим олишини ташкил қилишда катта муаммолар юзага келяпти.

Қурилаётган уй-жой массивларининг бош режасида аҳолининг демографик ўсиши прогнозидан келиб чиқиб, ижтимоий мажбурият сифатида умумтаълим муассасалари (ҳар бир хонадонга янги 1,5 ўқувчи ўрнини ҳисобга олиш) қурилишини инобатга олиш ва бу борада Халқ таълими вазирлиги билан келишиш тизимини жорий қилиш зарур.

Масалан, Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режаси асосида Мирзо Улуғбек туманида ҳарбий хизматчилар ҳамда аҳоли учун янги кўп қаватли уй-жойлар қуриляпти. Бу уй-жой массивига тадбиркор томонидан 990 ўринли умумтаълим мактабини (лойиҳа баҳоси 35,1 млрд сўмни ташкил этади) қуриш ишлари бошланган», – деди вазир.

Шерзод Шерматовнинг Сенат қўмитаси аъзоларига берган навбатдаги таклифи мактабларга директор тайинлашнинг шаффоф тизимини яратиш жараёнлари ҳақида бўлган.

«Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари билан ҳамкорликда директорликка номзодларни 3 йиллик ривожлантириш дастурлари асосида шаффоф танловларни ташкил этмоқчимиз. Бу борада ҳам Сенат билан ҳамкорлигимиз жуда муҳим», — деган у.

Top