22:26 / 26.01.2021
9038

Сўровнома: 14 фоиз респондент 2020 йилги имтиҳонларда коррупцияга шахсан дуч келган

U-Report Давлат тест маркази билан ҳамкорликда ёшларнинг бакалавриатга кириш имтиҳонлари жараёнига муносабатини ўрганди.

Сўровда республика бўйича 13 мингдан ортиқ респондент иштирок этган. Респондентларнинг 34 фоизи 2020 йилда миллий ОТМларга кириш имтиҳонларида қатнашган: уларнинг 18 фоизи университетга қабул қилинган, қолган 16 фоизи имтиҳонлардан ўта олмаган.

Сўровномада қатнашганларнинг 92 фоизи кириш имтиҳонини тест форматида топширган.

Респондентларнинг ярмидан кўпи, 54 фоизи кириш имтиҳонлари пайтида бирор бир ноқонуний ишни кўрмаган. Бироқ иштирокчиларнинг 14 фоизи коррупцияга шахсан дуч келган.

Коррупцияга дуч келганларнинг аксарияти Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан (20 фоиздан кўпроғи).

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятидаги У-Репортёрларнинг аксарияти (44 фоиз) кириш имтиҳонлари давомида абитуриентлар томонидан қонунбузарликларга гувоҳ бўлишганини билдирган.

23 фоиз респондент фикрича, ўтган йилги кириш имтиҳонлари шаффоф ўтмаган. 29 фоиз иштирокчи эса имтиҳонни шаффоф, 38 фоиз иштирокчи ўртача шаффоф дея баҳолаган.

Сўровномада қатнашганларнинг 45 фоизи стадион ва парклардаги имтиҳонларни ижобий, 17 фоизи аъло баҳолаган. 30 фоиздан ортиқ иштирокчиларга имтиҳонларни очиқ жойларда ўтказиш ноқулайлик туғдирган.

Респондентларнинг 26 фоизи кириш имтиҳонларини янада адолатли ўтказиш учун кузатувчилар сонини кўпайтириш зарур деб ҳисоблайди, яна 24 фоизи бунга кириш фанларини сертификатлаш орқали эришиш мумкин деган фикрда.

Бундан ташқари, 10 фоиз респондент мактабда имтиҳон топшириш тарафдори.

Top