Жамият | 16:32 / 27.01.2021
11813
3 дақиқада ўқилади

Эгизакларнинг кўзларини сақлаб қолайлик – саратонга чалинган гўдакларнинг кўзлари кўрмай қолди

Андижонлик Машраббек Қосимовлар оиласига оғир синов келди. Машраббекнинг Ҳасан-Ҳусан эгизак фарзандларининг иккаласида ҳам асосан болаларда учрайдиган камёб кўз саратони - ретинобластома аниқланган.

Машраббек ҳозирда ўзи истиқомат қиладиган Избоскан туманидаги мактабда ўқитувчилик қилади. Эндигина 1 ёшга тўлган гўдаклар ҳозиргача кимёвий йўл 3 босқичда даволанди. Лекин бу эгизаклардан бирига оғирлик қилмоқда. Олдинда яна бир қанча даволаниш курслари бор.

Ҳозирга келиб, Ҳусанбойнинг иккала кўзи, Ҳасанбойнинг битта кўзини саратон тўсиб қолиши натижасида улар кўрмай қолган.Оила бошлиғининг айтишича, касалликни бутунлай даволаш учун ўзбекистонлик шифокорлар болалардаги саратонни уларнинг кўзлари билангина олиб ташлаш мумкинлигини айтишган…

«Ўзбекистондаги шифокорлар саратондан бутунлай халос бўлиш учун Ҳусанбойнинг иккала кўзини, Ҳасанбойнинг битта кўзини операция орқали олиб ташлаш кераклигини айтишди. Лекин, биз волонтёрларнинг ёрдами билан Швейцариядан фарзандларимдаги касалликни уларнинг кўзларини сақлаб қолган ҳолда даволовчи шифокорни топдик. Лозанна шаҳридаги кўз касалликлари клиникаси профессори Франсис Муниер ушбу операция учун фарзандларимнинг ҳар бирига 60 минг Швейцария франки (67 минг АҚШ доллари атрофида) керак бўлишини айтди. Ҳозир юртимиздаги ва Россиядаги кўнгиллиларнинг ёрдамлари билан 40 минг доллар маблағ йиғишга муваффақ бўлдик.

Барча инсонлардан фарзандларим учун Аллоҳ йўлида ёрдам сўрайман, иккала боламнинг кўзлари кўр бўлиб қолишини хоҳламайман,” – дейди фарзандларнинг отаси.

Ҳозирда эгизакларни Швейцарияга олиб бориш учун февраль ойининг бошига виза ва билетлар олинган. Бундан ташқари, операциянинг мураккаблиги туфайли оила Швейцарияга бир неча маротаба келишига тўғри келади. Барча харажатларни қўшиб ҳисоблаганда икки эгизакка 140 минг АҚШ доллари атрофида маблағ зарур, унинг 40 минг доллари турли хайрия ташкилотлари ёрдамида тўпланган ва касалхонага ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Азизлар, шу икки норасида эгизакларнинг соғайиб кетишлари учун ёрдам қилайлик. Биз сабабли икки нафар боланинг кўзлари ҳам биз каби ёруғ оламни кўриб турса, қандай яхши.

Абу Ҳурайра розияллаҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилади:

«Ким бир мўминнинг дунё ғамларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охират ғамларини енгиллатади. Ким бир мўминнинг қийинчилигини осонлаштирса, Аллоҳ таоло ўша инсонни дунё ва охиратда мушкулини осон қилади».

Азизлар, оз ёки кўп демасдан, бир мўминга, бир оилага ёрдам қилайлик, шоядки Аллоҳ охиратдаги ғамларимиздан бирини аритса…

Машраббек Қосимовнинг эгизак фарзандларига оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0804 9262 8747 Машраб Қосимов номида

Sberbank: 4276 1609 1568 4006 Ира Адамовна номида

VISA: 4097 8304 2111 5557 Машраб Қосимов номида

GoFundMe орқали хайрия қилиш учун ҳавола

Телефон: +998994338832, +998914948832

Фаррух Абсаттаров
Оператор: Жамшид Абдиев

Мавзуга оид