22:32 / 29.01.2021
31928

Сўронбой Жээнбеков банкда топилган 1 миллион доллар юзасидан сўроққа чақиртирилди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Сўронбой Жээнбеков собиқ бош вазир ўринбосари Дуйшенбек Зилалиевнинг иши бўйича Бишкек шаҳар судига 3 февралга сўроққа чақиртирилди. Собиқ президент банкда топилган 1 млн доллар бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинади.  

Фото: РИА Новости

Зилалиевнинг адвокати Таалайгул Токтакунованинг таъкидлашича, Жээнбековнинг “Оптима Банк” банк ячейкасида топилган пуллар бўйича сўроққа чақиртирилишини у илтимос қилган ва суд унинг илтимосини қаноатлантирган. Жээнбеков бу пулларнинг қаердан келиб қолганини тушунтириб бериши керак.

 “У гувоҳ сифатида суд жараёнига таклиф қилинди. Дуйшенбек Зилалиев “Ноқонуний бойиш” моддаси бўйича айбланмоқда ва унинг гўёки ноқонуний бойишига банк ячейкасида бир миллион доллар топилгани важ қилинмоқда. Тергов Зилалиев давлат хизматчиси бўлган вақтда бу пулларга эга бўла олмаган, деб ҳисобламоқда. Бу пулларга Сўронбой Жээнбеков бевосита алоқага эга, чунки улар Жээнбековнинг президентликка номзод бўлган вақтида сайловолди кампаниясига мўлжалланган бўлган ва Зилалиев бу маблағларни тўлиқлигича унга берган. Буни собиқ бош вазир Сапар Исаков ҳам тасдиқлаши мумкин”, деб айтган адвокат.

Дуйшенбек Зилалиев

Унинг таъкидлашича, Зилалиев ҳибсга олинганда, интернетда банк ячейкасида 1 млн доллар топилгани видеоси тарқалган. “Агар эътибор берсангиз, уни ячейкадаги пуллар бўйича 2017 йил 8 декабрда ушлашган, видео эса ёзда суратга олинган. Тергов давомида ҳимоям остидаги шахс Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига пуллар Жээнбековнинг сайловолди кампаниясига мўлжаллангани бўйича кўрсатма берган. Унинг шахсан ўзи бу пулларни Жээнбековга топширган. Бу ҳақида Сапар Исаков айтиб бериши мумкин. Бироқ Исаков ҳам, Жээнбеков ҳам ўшанда сўроқ қилинмаган”, деб тушунтирган вазиятни Токтакунова.

“Ўша кезда Сўронбой Жээнбеков президент эди ва Давлат миллий хавфсизлик қўмитасида Зилалиевнинг кўрсатмаларига тегишли баҳо берилмаган ва пуллар унга тегишли деб ҳисобланган. Бироқ бу ёлғон ахборот бўлган ва интернетда ёзги вақтда олинган видео тарқалган, Зилалиев эса декабрда ҳибсга олинган”, деб қўшимча қилган адвокат.

Дуйшенбек Зилалиев 2018 йил декабрида ҳибсга олинган. Бишкек туман судларидан бири 2020 йил октябрда уни 9 йилга озодликдан маҳрум этган. 

Top