Чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича йўлга қўйилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди
Бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг матбуот хизмати Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига оид айрим маълумотларни Kun.uz'га тақдим этди.
Маълум қилинишича, айни пайтда республикада 13 та санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган давлат унитар корхоналари ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 174 та филиали, шунингдек, «Махсустранс» ДУК ҳамда 101 та хусусий корхоналар фаолият юритмоқда.
Президентнинг 2019 йил 17 апрелдаги қарори билан, «2019–2028 йилларда Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси» тасдиқланган. Унда, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари истеъмолчилар томонидан чиқиндилар саралаб йиғилганини инобатга олиб, пасайтирилган ҳолда белгиланади.
Сараланган чиқинди тури, хусусан кенг тарқалган пластикни қайта ишлаш муҳим аҳамиятга эга. Пластикдан гранула олиниб, иккиламчи хомашёга айланади. Мазкур хомашёдан кўплаб маҳсулотларни ишлаб чиқариш мумкин.
Хусусан, Ўзбекистонда «Sanfa Products» компанияси – биринчилардан бўлиб кластер тизими асосида пластик чиқиндиларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, экспортга қўйган компаниялардан бири.
Ҳозирда мазкур компания бир йилда 2000 тонна пластмасса идишларини қайта ишлаш натижасида линолеум учун асос, автойўллар, гидроиншоотларнинг қурилиши учун зарур геотекстиль, полимер геомембрана, енгил саноат учун синтепон ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда.
Шундай корхоналардан яна бири – Сурхондарё вилоятида жойлашган «БиоТехно Эко» корхонаси бўлиб, йиллик қуввати 180 000 тонна, бир суткада 500 тонна маиший чиқиндиларни саралаб қайта ишлайди. Целлофан, пластик, пластмасса каби маиший чиқиндилардан гранулалар, полиэтилен қувурларни ишлаб чиқаради.
Маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Шимолий Европа мамлакатларида аллақачон чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлга қўйилган, натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади.
«Мамлакатимизда чиқиндиларни саралаб йиғиш жараёнларига бутунлай ўтишга қанча вақт кетишини айтиш мураккаб бўлса-да, асосийси Ўзбекистон бу борадаги қадамларини ташлади. Айни дамда Тошкент шаҳрида мазкур жараён учун зарур шароитларни яратиш ишлари бошланди. Мажозий маънода чиқиндилар иккинчи ҳаётга эга бўлмоқда», – дейилади Очилбой Раматовнинг матбуот хизмати тақдим этган маълумотда.
Мавзуга оид
10:19 / 25.12.2024
Чиқиндидан қарзни тўлаш учун фуқароларга 5 кун муддат берилади
16:12 / 20.12.2024
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
12:58 / 19.12.2024
Ўзбекистон бўйлаб икки мингга яқин ноқонуний чиқиндихоналар аниқланди — «Ўзбеккосмос»
14:33 / 01.12.2024