Бугун интернетдан қидириб кўрсангиз, тарихда Rolls-Royce машиналари Ҳиндистонда кўча тозаловчи техника сифатида ишлатилгани ҳақидаги ҳикояларга дуч келасиз.
Ана шу ҳикояларда битта фарқ бор. Уларда қимматбаҳо машинани хор қилиб, ундан чиқинди йиғувчи техника сифатида фойдаланилган шахснинг номи ҳар хил келади.
Айримлар ҳикояда келтирилган ҳодисани ёлғон дейди. Бошқалар ростлигини, буни исботловчи фотосурат борлигини таъкидлайди. Бироқ фотосурат бошқа жойда олинган дейдиганлар ҳам бор.
Ҳикоя
Барчаси 1919 ёки 1920 йилда ҳинд рожаларидан бирининг Лондонга боришидан бошланган. Ўша пайтларда Ҳиндистон Британия мустамлакаси бўлиб, мамлакатнинг узоқ ҳудудларида маҳаллий рожаларнинг ҳокимияти сақланиб қолаётганди.
Инглизларга бож тўлаб турган рожалар ўзига тегишли ҳудудда ҳукмдорлик қилар, солиқлар ва бошқа йиғимлар ҳисобидан бой яшарди. Лондонга борган Алвар рожаси Жай Сингх ҳам шундай ҳукмдорлардан бири эди.

Фото: deepanshpalawat.medium.com
Рожа Лондон кўчаларини оддий кийимда, мулозимларсиз айланиб юрганда Rolls-Royce машиналари сотиладиган автосалонга дуч келади. У машиналар имкониятлари ва хусусиятлари билан танишиш учун автосалонга киради.
Шунда сотувчилар қаршиларида турган рожани камбағал ҳинд деб ўйлашади ва унинг устидан кулиб, автосалондан чиқариб юборишади.
Рожа автосалон сотувчиларининг бу ишидан жуда ғазабланади. Ўзини ҳақорат қилинган ва камситилган деб ҳисоблайди.
У меҳмонхонага қайтиб келади ва мулозимларига автосалонга қўнғироқ қилиб, Ҳиндистоннинг Алвар князлиги ҳукмдори бир нечта машина сотиб олишга қизиққани ҳақида хабар беришларини буюради.
Бир неча соат ўтгач, рожа яна автосалонга келади. Бу сафар у пўрим кийимларда ва бой мулозимлар қуршовида эди. Автосалонда бой ҳинднинг оёғи остига қизил гилам тўшаб кутиб олишади. Жай Сингх ичкарига кирганда сотувчилар унга ҳатто эгилиб таъзим ҳам қилишади.
Рожа ўша пайтда автосалонда бўлган олтита машинанинг ҳаммасини сотиб олади. У машиналарнинг пулига қўшиб, уларни Алварга етказиб бериш харажатларини ҳам тўлайди.















