14:08 / 05.02.2021
6807

“Художон, боламни мендан олиб қўймагин” – эри ногирон аёл жигарбанди учун чора истаяпти

Бир зумга тасаввур қилиб кўринг: кўз олдингизда жигарбандингизни тутқаноқ тутиб, ўзини йўқотиб қўйишини кўрсангиз-у, қўлингиздан ҳеч бир чора келмаса. Бу ҳолат кунига 20-30 марталаб такрорланса. Деновлик Шоҳиста Маманазарова шу азоб билан яшаяпти.

Унинг 7 ёшли ўғли Жавоҳир Шуҳратжонов туғилганидан бери тутқаноқдан азият чекади. Жавоҳир дунёга келганида комага тушган, шундан буён ҳар куни тутқаноқ хуруж қилади. Хуружлар 15 мартадан 30 мартагача такрорланади.

“Олиб бормаган шифокорим қолмади, ҳамма жойга кўрсатдим. Ҳамма шифокорлар кўриб, худо хоҳласа яхши бўлади, дейди. Лекин кунига 30 марталаб тутқаноқ хуруж қилади. Қўлимдан келадигани фақатгина бағримга босиб, “Аллоҳим шифо бергин”, деб ўтириш холос.

Тенгдошларига қўшиб боғчага бермоқчи эдим, икки кундан кейин қайтариб беришди. Айби тутқаноғи борлиги. Ҳеч бир боғча олмайди. Гапга тушунмайди, чунки тенгдошларидан 3 йил орқада. Ҳалиям ўзини 4 яшар деб тасаввур қилади. Болам форма кийиб мактабга боришини орзу қиламан. Ҳатто ўртоқлари билан ўйнаса, тутқаноқ хуруж қилиб йиқилади. Юзлари шилиниб, тишлари синади. Йиқилиб майиб бўлиб қолишидан қўрқиб яшайман. Художон, боламни мендан олиб қўймагин, деб нола қиламан.

Ҳозир ягона умидим Россиядан. Тьюмен шаҳридаги шифокорлар болани операция орқали тузатиш мумкинлигини айтиб, натижага кафолат беришяпти. Операциянинг ўзига 9 минг доллар кетар экан, бундан ташқари бориш-келиш харажатлари ҳам бор. Бу кимларгадир ҳеч қанча эмасдир, лекин биз учун бу пул ҳозир сув ва ҳаводек зарур. Нон ва сув ичмасам ҳам майли, лекин шу пулни топиш учун ҳаракат қиляпман”, дейди Шоҳиста опа.

Афсуски, фарзандининг хасталиги аёл бошидаги ягона дард эмас. Жавоҳирнинг отаси ҳам яхшилар кўмагига муҳтож, у иккинчи гуруҳ ногирони. Шуҳратжон Маркаев 20 йил аввал автоҳалокатга тушиб, чап оёғининг пастки қисмидан ажралган. Унга протез ўрнатиш керак. Давлат томонидан ҳар йили бепул протез берилади, аммо у сифатсиз – 2-3 кунга ҳам ярамай синади. Янгисини олишга имкон йўқлиги боис синиқ протезни ямаб, скотчлаб ишлатишга тўғри келмоқда. Сифатли ва мустаҳкам протез ўрнатиш учун эса оила 35 млн сўм топиши керак.

Уч фарзанд улғаяётган, болаларнинг кенжаси ва оила бошлиғи дард билан яшаётган оиланинг оилавий аҳволи яхши эмас – фақатгина беморлар олаётган ногиронлик нафақасига боғланиб қолишган. Бу эса операцияга жамғариш тугул, кунлик харажатларни қоплашга ҳам кифоя қилмайди.

“Рўзғорга харажат қилсак, болаларнинг кийимига етмайди. Бир томонда дори масаласи ҳам бор. Ўғлим ҳар куни 30 минг қийматидаги дори ичади. Баъзида нонсиз қолиб кетган кунларимиз бўлган.

Ҳар 2-3 ойда Тошкентга даволанишга олиб келамиз. Ҳар гал 7-8 млн пул кетади. Пулимиз қолмай, вилоятга қайтиш учун таксига қарзга чиққан вақтларимиз ҳам бўлган...” , дейди Шоҳиста опа минг истиҳола билан.

Савоб талабида бўлган яхшилар, бир оиланинг дардига бефарқ бўлмайлик! Уларнинг мушкулини осон қилиш учун Аллоҳ қодир қилгани қадар ёрдамингизни аяманг. Зора, бу кичик яхшилигингиз охиратда сизга катта енгиллик берса, ажабмас.

Пул ўтказиш учун:

UzCard: 8600 1204 0360 0557 (Маманазарова Шоҳиста номида)

Сбербанк: 4279 5500 1192 8330 (Кундуз Буриева номида)

Телефон: +998937660204

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади
Оператор: Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top