Иқтисодиёт | 22:21 / 06.02.2021
26937
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда солиқ тизимида қатор ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда

Барча хўжалик юритиш субъектлари электрон ҳисоб-варақ фактурасига ўтади. “Солиқ” иловасида ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қўшимча имкониятлар яратилади.

Фото: Shutterstock

2021 йилги давлат дастурида солиқ тизимида бир қанча ўзгаришлар бўлиши назарда тутилган.

Солиқ тизимида кутилаётган ўзгаришлардан бири халқаро стандартлар асосида ДСҚнинг ахборот комплекслари ягона электрон платформасини яратиш бўлиб, унга 2,4 млн AҚШ доллари ажратилади. Платформа солиқ тизимидаги барча ахборот комплексларининг ягона платформаси ҳисобланади.

Давлат дастурида ҳақиқатда қўшилган қиймат солиғи суммаларини тўлаган ишончли солиқ тўловчиларга тезлаштирилган тартибда солиқ суммасини қайтариш кўзда тутилган.

2021 йил 1 сентябргача барча хўжалик юритиш субъектлари тўлиқ электрон ҳисобварақ-фактураларига ўтади, шу билан бирга онлайн назорат касса машиналари билан таъминланади. Ушбу чора-тадбирларга  2,4 млрд. сўм  ажратилади.

Дастурда жорий йил 1 августгача тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ҳамда жисмоний шахслар тўғрисида ягона марказлаштирилган ахборот манбаини шакллантириш, “Солиқ юки калькулятори” интерактив хизмат турини яратиш назарда тутилган. Лойиҳага 1,5 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, “Солиқ” мобил иловасида ўзини ўзи банд қилган шахслар учун умумреспублика банклараро процессинг маркази (Uzcard) билан ҳамкорликда қўшимча имконият ва хизматлар яратилади.

Солиқ маъмурчилигида ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблашда янгилик бўлиши кутилмоқда. 2021 йил 1 июлгача ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлигида маркшрейдерлик хизмати ташкил этилади, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчидан истеъмолчигача бўлган жараённи мониторинг қилиб борувчи дастурий маҳсулот (тизим) яратилади. Норуда қазилмалар ҳажми тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларига тақдим этилади.

Юқоридаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун маблағлар Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаларидан ажратилади.

Мавзуга оид