Ўзбекистон | 20:51 / 06.02.2021
4762
2 дақиқада ўқилади

Мансабдорларнинг интервьюга доир сўровларни кўриб чиқиши муддати мақбуллаштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади.

Унга кўра, туман бюджети харажатларини шакллантиришда маҳаллий аҳоли ва жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади ҳамда 2021 йил 1 апрелга қадар бу борада президент қарори лойиҳаси тайёрланади.

Лойиҳада 2021 йилда тажриба тариқасида ҳар бир ҳудудда биттадан шаҳар ёки туман бюджет харажатининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб тажрибадан ўтказилиши, 2022 йилдан эса барча туман ва шаҳарлар учун ушбу тартиб жорий этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида:

  • очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш;
  • давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари очиқлиги концепциясини ишлаб чиқиш;
  • ҳар йил якунлари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Очиқлик индексини аниқлаш;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан веб-сайтларига жойлаштириладиган ахборотни янгилаб бориш даврийлиги муддатини қайта кўриб чиқиш;
  • оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўровини кўриб чиқишга доир муддатларини мақбуллаштириш;
  • «Очиқ ва ҳисобдор ҳукумат» ғоясини амалга оширишга қаратилган амалий чоралар кўриш назарда тутилади.

Маълумот учун, 2007 йилда янги таҳрирда қабул қилинган амалдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» қонуннинг 35-1-моддасига кўра, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек, мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилиши керак.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид